Uzbek Tigers жамоаси Жаҳон бокс серияси VII мавсум тўртинчи тури доирасида China Dragons жамоасини мағлубиятга учратди. 18 март куни Тошкентда бўлиб ўтган барча беш учрашув «Ўзбек арслонлари» фойдасига якун топди — 5:0.

Кечанинг биринчи жангида 52 кг гача вазн тоифасида 22 ёшли Аброржон Қодиров (2−4) рингга чиқди. Унга 2011 йилги Осиё чемпиони 29 ёшли Чан Юн (2−3) рақиблик қилди. Ўзбек боксчиси жанг давомида рақиби устидан яққол устунлик қилиб, якунда ҳакамларнинг бир овоздан ғолиб саналишига эришди — 3:0 (50/44, 50/45, 49/46).

2016 йилги Олимпия ўйинлари бронза медали соҳиби 22 ёшли Муроджон Аҳмадалиев (2−2) WSB 20 ёшли Ван Сэн (0−1) билан куч синашди. Беллашув бошидан ҳужумкор жанг намойиш этган чустлик боксчи рақибини 3:0 (50/43, 50/44, 50/44) ҳисобида мағлуб этди.

Олимпиада-2016 кумуш медали соҳиби 23 ёшли Шаҳрам Ғиёсов (1−2) 69 кг гача вазн тоифасида 2015 йилги жаҳон чемпионати бронза медали соҳиби 29 ёшли Лю Вэй (3−8) билан беллашиб, ғолиб бўлди, ҳисоб — 3:0 (50/42, 50/45, 50/43).

Олимпиада-2016 кумуш медали соҳиби Бектемир Мелиқўзиев (2−1) эса янги 81 кг гача вазн тоифасида 25 ёшли Хуан Цзябинь (1−2) қаршилигини енгиб ўтиши лозим эди. Бироқ унинг рақиби бирорта ҳам раундда ғолиб чиқа олмади, ўзбекистонлик спортчи 0−3 ҳисобида устунликка эришди.

Супероғир +91 кг вазнда 22 ёшли Баҳодир Жалолов (1−1) 21 ёшли Му Хайпэнга (1−2) қарши рингга кўтарилди. Жанг иккинчи раундда якунига етди — Баҳодир Жалоловнинг ён томондан берган зарбасига рақиб дош бера олмади.

Тўрт учрашувдан сўнг «Ўзбек арслонлари» 6 очко билан «С» гуруҳида иккинчи ўринга кўтарилиб олди. «Хитой аждарлари» ҳисобида ҳам 3 очко бор. Ушбу гуруҳда юз фоизлик натижа билан Қозоғистоннинг Astana Arlans (12 очко) етакчилик қилаётган бўлса, Россиянинг Patriot Boxing Team (4 очко) жамоаси Қозоғистон жамоасидан 4:1 ҳисобида мағлубиятга учраганидан сўнг учинчи поғонага тушди.

Эслатиб ўтамиз, Uzbek Tigers жамоасининг навбатдаги учрашуви 1 апрель куни Тошкентда Қозоғистоннинг Astana Arlans жамоасига қарши кечади.

Фото