Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоевнинг таклифига биноан 22−23 март кунлари давлат ташрифи билан Қозоғистонда бўлади, хабар берди ЎзА.

Олий даражадаги учрашув ва музокараларда Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт-коммуникация, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва уни ривожлантириш истиқболлари, шунингдек, минтақавий ва халқаро сиёсатнинг долзарб масалалари муҳокама қилинади.

Шавкат Мирзиёевнинг ташрифи доирасида Остона шаҳрида Ўзбекистон Миллий саноат кўргазмаси ва икки мамлакат ишбилармон доираларининг нуфузли делегациялари иштирокида қўшма бизнес-форум ўтказилиши кўзда тутилган.

Ташриф якунлари бўйича давлатлараро, ҳукуматлараро ва идоралараро бир қатор муҳим ҳужжатлар, шунингдек, Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳамкорлигини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтаришга қаратилган салмоқли тижорий шартномалар имзоланиши режалаштирилган.