17 март куни Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бюроси директори Миҳаэл Георг Линкни қабул қилди. У ЕХҲТ ДИИҲБнинг Ўзбекистонга ташриф буюрган делегациясига бошчилик қилмоқда.

ТИВ матбуот хизматининг хабар қилишича, музокаралар давомида Ўзбекистон ва ЕХҲТ ДИИҲБ ўртасидаги ҳамкорлик масалалари юзасидан фикр алмашилди.

Қайд этилганидек, ўтган йили навбатдан ташқари бўлиб ўтган Ўзбекистон Президенти сайловини мониторинг қилиш учун таркибида узоқ муддатли ва қисқа муддатли кузатувчилари бўлган ДИИҲБнинг тўлиқ делегацияси иштирок этди. Миссия учун барча шароитлар яратилиб, сайлов жараёнини тўлиқ кузатиш учун уларга барча давлат органлари, фуқаролик жамияти институтлари ва сайлов участкаларида бўлиш имкони яратилди.

Ўзбекистон сайлов тизимини мустаҳкамлаш ва мукаммаллаштириш масалаларида ҳамда бошқа истиқболли йўналишларда конструктив ҳамкорликни давом эттиришдан томонлар манфаатдор эканлигини тасдиқланди.