Тошкент ва Олмаота ўртасида тезюрар темир йўл алоқаси 22 мартдан бошланади. «Казахстан темир жоли» компаниясининг Олмаотадан амалга оширадиган илк рейси Ўзбекистон пойтахтига тахминан 12:50 да етиб келади, деб хабар қилди КТЖ ваколатхонаси «Газета.уз"га. «Тошкент» вокзали маълумотхонаси ҳам мазкур ахборотни тасдиқлади. Йўл давомийлиги 16 соатни ташкил этади.

Худди шу куннинг ўзида поезд ортга қайтиб кетади. Олмаотагача рейс чипталари темир йўл кассаларида сотилмоқда. «Тошкент» вокзали маълумотхонасининг хабар қилишича, ўриндиқли жой нархи 100 минг, купе — 150 минг сўмга яқинроқни ташкил этади. Тезюрар поезд Тошкентдан Олмаотага ҳар сешанба ва якшанба кунлари йўлга чиқади.

Ҳар икки давлат чегара ва божхона хизматлари назорат жараёнларини тезлаштириш тўғрисидаги келишувга эришишди. Унга кўра, Ўзбекистон хизматлари ходимлари поездга «Тошкент» вокзалида йўловчилар билан биргаликда чиқиб, Келесгача 28 дақиқалик йўл давомида барча зарур ҳаракатларни амалга оширади. Шунда чегарада тўхтаб туриш аввалгидек икки ярим соат эмас, балки 35−40 дақиқа давом этади. Қозоғистон божхона ва чегара хизматлари ходимлари эса поездга Сариағашгача бўлган йўлда чиқиб, икки ярим соат ичида йўловчиларнинг ҳужжатларини текшириб олишади, тўхтаб туриш эса бор-йўғи 15 дақиқани ташкил этади.