Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси Давбионазорат ходимлари «Балиқчи» компанияси хавфсизлик хизмати билан 14 март куни Тошкент вилояти Қуйичирчиқ тумани ҳудудида олиб борган рейд давомида Сирдарё дарёсида ноқонуний равишда балиқ овлаш ҳолатларини қайд этди. Бу ҳақда Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ахборот хизмати «Газета.uz"га хабар қилди.

Аввал хабар қилганимиздек, 10 мартдан 1 июнга қадар Амударё ва Сирдарёда балиқ ресурсларини овлашга вақтинчалик тақиқ ўрнатилган. У кўпайиш мавсумида балиқ ресурсларини сақлашга йўналтирилган.

Қўлга олинган браконьерлар энг хавфли ов қуролларидан бири ҳисобланган ҳамда Ўзбекистон табиатни муҳофаза қилиш қонунчилигида фойдаланиш тақиқланган электр қармоқдан фойдаланишгани маълум бўлди.

Давбионазорат ҳисоб-китобига кўра, браконьерлар ҳаракати туфайли давлатга етказилган зарар миқдори 42 млн сўмни ташкил этган. 90 кг дан зиёдроқ оқ амур, зоғорабалиқ (сазан), хумбош, товонбалиқ ва бошқа турдаги балиқлар мусодара қилинган.

Қонунбузарларга нисбатан Жиноят кодексининг 202-моддаси (браконьерлик) бўйича тегишли чоралар қўлланилади.

Давбионазорат раҳбарияти қарори билан балиқ маҳсулотлари 15 март куни эрталаб Тошкентдаги Хлебушкина номидаги 22-меҳрибонлик уйига топширилди.