14 март куни пойтахт ҳокимиятида бўлиб ўтган матбуот анжумани Тошкент мактаб, лицей ва коллежларидаги давомат ҳамда ота-оналарнинг болалар тарбияси ва таълимидаги жавобгарлиги масалаларига бағишланди. Пойтахт маъмурияти ва бошқа тузилмалар вакиллари шаҳар ҳокимияти, прокуратура, Ички ишлар бош бошқармаси, Хотин-қизлар қўмитаси, Халқ таълими бош бошқармаси, Ўрта махсус касб-ҳунар таълими бошқармаси, «Маҳалла» жамғармаси ва «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати шаҳар бўлимининг мазкур масалага бағишланган қўшма қарори тўғрисида маълумот беришди.

Тақдим этилган маълумотларга кўра, коллежларда ўртача давомат 92, лицей ва мактабларда — 94−95 фоизни ташкил этмоқда. Қабул қилинган қўшма қарор тўлиқ давоматни таъминлаш ҳамда ёшларни қоидабузарликлар ва жиноятчиликдан огоҳлантиришга қаратилган. Шаҳар ва туман ҳокимликлари ҳузурида ишчи комиссиялари ташкил этилиб, уларга мунтазам равишда дарс қолдирувчи ўқувчилар ва уларнинг ота-оналарига нисбатан қатъий чораларни кўриш, давомат статистикасини юритиш вазифаси топширилди. Профилактика инспекторларига иш кунини айнан таълим муассасаларига ташриф буюришдан бошлаш буюрилди.

Болалари тарбиясига беэътибор ва уларга салбий таъсир кўрсатувчи ота-оналарга қонун доирасида алоҳида чоралар қўлланилиши ваъда қилинди.

Ҳоким ўринбосари ва шаҳар Хотин-қизлар қўмитаси раиси Фарида Абдураҳимованинг хабар қилишича, мактаб ва коллежларда тартиб-интизомга риоя этилишини таъминлаш мақсадида ҳарбий раҳбар лавозими таъсис этилди. Мазкур лавозимга муқаддам ички ишлар органлари, прокуратура, Мудофаа вазирлиги ва бошқа тузилмаларда фаолият кўрсатган тажрибали мутахассислар тайинланади. Улар болаларни ватанпарвар, мард ва ор-номусли қилиб тарбиялашда иштирок этади.

Тарбияси оғир ўқувчилар ички ишлар тизимидаги махсус муассасаларга юборилади, бироқ ишчи комиссиянинг асосий вазифаси бунга йўл қўймасликдан иборат, деди ҳоким ўринбосари.

Тошкент ИИББ профилактика бўлими катта инспектори подполковник Азимжон Султонов компьютер клублари ва интернет кафеларида ўтказилган кундузги ва кечки рейдлар бўйича статистикани келтириб ўтди. Икки ой давомида 12 бор рейд ўтказилиб, уларда 339 нафар дарс қолдирган ўқувчи (112 нафари — мактаблар, 227 нафари — лицей ва коллежлар ўқувчилари) борлиги аниқланди. Вояга етмаганларни 21:00 дан сўнг муассасага катталар ҳамроҳлигисиз киришига йўл қўйиб берган бешта клуб раҳбарлари 6,27 млн сўмлик жаримага тортилди.