Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг 9 мартдаги қарори билан Абдухашим Абдуллаев «Ўзкимёсаноат» акциядорлик компанияси бошқаруви раиси лавозимига тасдиқланди, деб хабар қилди Ҳукумат портали.

Тайинловга қадар Абдухашим Абдуллаев (1950 йилда туғилган) 2008 йилдан буён «Фарғонаазот» компанияси раҳбари ўринбосари лавозимида фаолият олиб борган. Унгача эса — 2006−2008 йилларда Фарғона вилояти ҳокими, 2005−2006 йилларда — Марғилон ҳокими, 1992−2005 йилларда — Фарғона «Азот» ишлаб чиқариш бирлашмасида бош директор ўринбосари, кейинчалик бош директор лавозимларида ишлаган.

Ҳукуматнинг 9 мартдаги бошқа қарори билан Фазлиддин Бакиев «Ўзэлтехсаноат» компанияси бошқаруви раиси бўлди.

Фазлиддин Бакиев (1969 йилда туғилган) 2007 йилдан буён Вазирлар Маҳкамасида, 2013 йилдан макроиқтисодий ривожлантириш, таркибий ўзгартиришлар, хорижий инвестицияларни жалб этиш ва ҳудудларни комплекс ривожлантириш масалалари йиғма ахборот-таҳлил департаменти мудири лавозимида фаолият олиб борган. 1995−2005 йилларда Марказий банкда турли лавозимларда ишлаб, 2005−2007 йилларда МБ раиси ўринбосари бўлган.

Эслатиб ўтамиз, «Ўзкимёсаноат» ва «Ўзэлтехсаноат» раҳбарлари Нормат Ибрагимов ҳамда Эркин Иминов 14 январь куни Президент Шавкат Мирзиёев иштирокида ҳукуматнинг кенгайтирилган йиғилиши якунлари бўйича вазифасидан озод қилинган эди.