13 март куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигида Эрон Ислом Республикаси Ташқи ишлар вазири ўринбосари Иброҳим Раҳимпур бошчилигидаги делегация иштирокида Ўзбекистон-Эрон вазирликлараро сиёсий маслаҳатлашувларининг бешинчи раунди бўлиб ўтди.

Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати маълумотларига кўра, учрашув давомида турли шакллардаги икки томонлама ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати ва истиқболи муҳокама қилинди ҳамда айрим халқаро ва минтақавий масалалар юзасидан фикр алмашилди.

Давлатлараро муносабатларни ривожлантиришда, шунингдек, БМТ, ШҲТ, Ислом ҳамкорлик ташкилоти доирасидаги алоқаларда кузатилаётган ижобий жараёнларга эътибор қаратилди.

Савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт-коммуникацион алоқаларни чуқурлаштиришдан икки томон ҳам манфаатдор эканлиги қайд этилди.

Шу нуқтаи назардан Ўзбекистон-Туркманистон-Эрон-Ўмон минтақалараро транспорт коридорини ишга тушириш алоҳида аҳамият касб этиши таъкидланди.

Музокаралар чоғида вазирликлараро сиёсий маслаҳатлашувларни доимий асосда ўтказиш икки томонлама муносабатлар кун тартибидаги долзарб масалаларни тизимли кўриб чиқиш, ҳамкорликнинг Ўзбекистон ва Эрон манфаатларига мос келувчи йўналишларини биргаликда ишлаб чиқиш имконини бериши эътироф этилди.