Тошкент шаҳар ИИБ мактаб, коллеж ва лицейларда ўтказган текширувлар жараёнида виртуал суиқасд ўйинлари иштирокчиси бўлган 36 нафар ёшни аниқлади. Бу ҳақда пайшанба куни бўлиб ўтган брифингда бошқарма вакили маълум қилди.

Пойтахт ички ишлар органлари профилактика тадбирлари доирасида мактаб, коллеж ва лицейлар ўқувчилари давомати текширилмоқда. Бундай тадбирлар вақтида ёшларнинг мобиль телефонлари ҳам текширилмоқда. Текширувлар натижасида «Кўк кит» ўйинида иштирок этаётган 31 нафар мактаб ва 5 коллеж ўқувчиси аниқланди.

ИИБ бошлиғи ўринбосари Дониёр Тошхўжаевнинг маълум қилишича, ҳар бир ўсмир билан ота-оналари иштирокида суҳбатлар ўтказилиб, улар малакали психологларга бириктирилган ҳолда назорат остига олинди. Болалар ва ўсмирларнинг бу каби ўйинларда иштирок этишдан огоҳлантириш мақсадида ўқув масканларида учрашувлар ташкил этилмоқда.

322 та мактабдан 26 тасида ва 119 та лицей ва коллежнинг 18 тасида ўтказилган «Давомат» тадбирлари жараёнида турли сабабларга кўра 217 нафар мактаб, 306 нафар коллеж ва 27 нафар лицей ўқувчиси дарсларда қатнашмаётгани аниқланди. 69 та таълим муассасасида давомат муаммоси муҳокама қилиниб, 27 ота-онага нисбатан маъмурий чоралар қўлланилди.

Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари вакиллари иштирокида 25 та интернет кафеда рейд ўтказилганида, уларда дарс вақтида 23 ўқувчи, 22:00 дан кейин эса 4 нафар вояга етмаган шахс борлиги маълум бўлди. Интернет кафе раҳбарлари ва ота-оналар маъмурий жавобгарликка тортилди.

Тошкент шаҳар прокуратуаси бўлим бошлиғи Эркин Юлдашевнинг таъкидлашича, ўлимга олиб борувчи «Кўк кит» ўйини болалар ва жамият ҳаётига таҳдид солаётган ягона хавф эмас. Нафақат ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, балки барча кураш олиб бориши лозим бўлган бошқа хавфли ўйин ва ҳодисалар ҳам мавжуд.

Эркин Юлдашев маълумотларига кўра, текширувлар ўтказилаётган аксарият ўқув масканларида турли кўринишдаги қоидабузарликлар аниқланмоқда. Унинг хабар қилишича, аниқланган қоидабузарликлар бўйича прокуратура томонидан 11 та тақдимнома ва 18 та огоҳнома, жумладан, Ўрта махсус касб-ҳунар таълими бошқармаси бошлиғи номига тақдимнома киритилди. 20 нафар шахсга нисбатан интизомий, 7 нафарига маъмурий ва 13 нафарига моддий чора қўлланилди.