Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 10 март куни Бухорога ташрифи жараёнида туризм, инфратузилмалар, саноат ва қишлоқ хўжалигини ривожлантириш соҳаларидаги қатор лойиҳалар билан танишди.

ЎзА хабарига кўра, давлат раҳбари вилоятга ташрифини Баҳоуддин Нақшбанд меъморий мажмуасини зиёрат қилишдан бошлади. 1993 йилда буюк аллома таваллудининг 675 йиллиги муносабати билан таъмирланган мажмуа бугунги кунда энг гавжум масканлардан бири ҳисобланади. Президент мазкур ёдгорлик мажмуасини янада ободонлаштириш бўйича мутасаддиларга тегишли кўрсатмалар берди. У вилоятда Тошкент ислом университетининг махсус факультетини ташкил қилиш кераклигини қайд этди.

Шундан сўнг Шавкат Мирзиёев 2015—2019 йилларда муҳандислик-коммуникациялари ва йўл-транспорт инфратузилмасини модернизация қилиш ва ривожлантириш дастури доирасида янгидан қурилиб, фойдаланишга топширилган Бухоро темир йўл вокзалида йўловчилар учун яратилган шароитларни бориб кўрди. Майдони 2,9 гектар бўлган вокзал бир вақтнинг ўзида 500 дан зиёд йўловчига хизмат кўрсатади. Бир кеча-кундузда 2 мингдан ортиқ йўловчини кутиб олиб, жўнатиш имкониятига эга.

Давлат раҳбари шу ерда Бухоро — Мискин темир йўл қурилишининг бориши билан танишди. Ушбу темир йўл 350 километрдан зиёд. Лойиҳанинг умумий қиймати 283 миллион долларни ташкил этади. Мазкур йўналиш бўйича қуриладиган темир йўлда 8 темир йўл станцияси ва разъездлар барпо этиш белгиланган.

Президент яқиндагина келтирилган Испаниянинг Patentes Talgo компанияси ишлаб чиқарган янги Afrosiyob электропоездининг имкониятлари, йўловчилар учун яратилган қулайликлар билан танишди. Янги электропоезд олдингиларига қараганда янада кенг имкониятларга эга. Хусусан, йўловчи сиғими 215 тадан 287 тага кўпайтирилган. 2015 йил ноябрда испан ишлаб чиқарувчиси билан тузилган шартномага мувофиқ, тез кунларда электропоезднинг иккинчиси ҳам олиб келинади.

Давлат раҳбари «Бухоро бриллиант силк» Ўзбекистон — Хитой қўшма корхонасида бўлиб, бир қанча лойиҳалар билан танишди. 2010 йилда ташкил этилган корхонада апак матоларнинг ўнлаб турлари ишлаб чиқарилиб, ички ва ташқи бозорда сотилмоқда. «Бундай корхоналарни кўпайтиришимиз керак», — деди Президент. У корхоналар учун малакали кадрлар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш, ҳудуддаги касб-ҳунар коллежлари билан ҳамкорлик қилиш лозимлигини қайд этди.

Президентга «Ўзбекенгилсаноат» акциядорлик жамияти томонидан 2017−2018 йилларда Бухоро вилоятида пахта толасини қайта ишлаш дастури лойиҳаси ҳақида маълумот берилди. Бугун Бухорода етиштирилаётган пахта толасининг 20,6 фоизи вилоят ҳудудида саноат усулида қайта ишланмоқда. Янги лойиҳа бўйича вилоятнинг 7 шаҳар ва туманида 13 йирик саноат корхонасини фойдаланишга топшириш режалаштирилган. Бу вилоятда етиштирилган пахта толасининг 65 фоизини қайта ишлаш имкониятини яратади.

Ердан унумли фойдаланиш, тутзорлар барпо этиш бўйича янги лойиҳа тақдимоти ҳам бўлиб ўтди. Давлат раҳбари мазкур соҳани янада ривожлантириш, тутзорларни кўпайтириш бўйича кўрсатмалар берди. Бу борадаги ишларни тизимли йўлга қўйиш мақсадида ташкил этилаётган «Ўзбекипаксаноат» уюшмасининг таркибий тузилмаси билан ҳам танишди.

Бухоро шаҳрида ишга туширилаётган «Бухоро коттон текстиль» корхонаси лойиҳаси билан танишар экан, Шавкат Мирзиёев мамлакатда етиштирилган пахтани тола кўринишида сотиш энг кам даромад келтиришини, пахта толасини қайта ишлаб, экспортбоп тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришни янада кенгайтириш зарурлигини таъкидлади. Корхонада 6,5 минг тонна ип-калава, 10 минг квадрат метр жинси мато ва 1,5 миллион дона тайёр тикувчилик маҳсулотлари ишлаб чиқарилади.

Шавкат Мирзиёев Бухоро шаҳридаги Арк қўрғони мажмуасида вилоятнинг туризм салоҳиятини янада ошириш дастури тақдимотида иштирок этди. Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан Бухоро вилоятининг туризм салоҳиятини янада ошириш дастури асосида 39 лойиҳа ҳаётга татбиқ этилади.

БМТнинг Бутунжаҳон туризм ташкилоти (ЮНВТО) ҳамда туризм бўйича нуфузли халқаро ва миллий ташкилотлар билан ҳамкорликни кенгайтириш, сайёҳлик индустрияси объектларини жадал ривожлантириш, йўл-транспорт ва муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини қуриш ва реконструкция қилиш чора-тадбирларига 18,5 миллиард сўм маблағ сарфланади.

Бухорода кичик ҳалқа йўли бунёд этиш, йўлакларга мармар ва ишлов берилган тошлар ётқизиш, бино ва йўлларнинг ёритиш тизимини замонавийлаштириш, меҳмонхона ва иншоотлар қуриш, улар атрофига ҳудуднинг табиий иқлим шароитига мос дарахт ва гуллар экиш, маҳаллий ва чет эллик инвесторлар учун барча қулайлик ва имкониятлар яратиш юзасидан зарур топшириқлар берилди.

Президент Бухоро тарихи давлат музейи лойиҳасини кўздан кечирди. 1,2 гектар майдонни ўз ичига оладиган ушбу музей қурилишига бюджет маблағлари ҳисобидан 68,3 миллиард сўм сарфланиши мўлжалланмоқда. Музей ишга туширилганидан сўнг, Арк қўрғонида сақланаётган ноёб экспонатлар у ерга кўчирилади.

Шавкат Мирзиёев маданий мерос объектларининг бугунги кундаги ҳолати ва уларни сақлашга доир лойиҳалар тақдимотлари билан ҳам танишди. Бухоро вилоятида 660 маданий мерос объекти мавжуд. Уларнинг аксарияти археологик объектлар, монументал санъат асарлари, архитектура ёдгорликларидир.

Давлат раҳбари Жондор туманидаги «Жондор чинор чорва» МЧЖ томонидан ташкил этиладиган паррандачилик мажмуаси лойиҳаси билан танишди. Бухоро вилоятида паррандачиликни ривожлантириш мақсадида интенсив технологиялар кенг жорий этилмоқда. Натижада тухум ва парранда гўшти ишлаб чиқариш ҳажми ортмоқда. Бугунги кунда вилоятда паррандалар 3,8 миллион бошга, тухум ишлаб чиқариш 347,7 миллион донага етди.

«Ўзмиллийбанк» ҳузуридаги Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг экспортини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ва Property Industry МЧЖ таъсисчилигида Бухоро туманида 38 гектарда агрологистика маркази барпо этилмоқда. 21,8 миллион долларлик мазкур лойиҳа доирасида бу ерда Хитой, Германия, Дания технологиялари асосида мева-сабзавотларни қуритиш, музлатиш, мураббо, жем ва тузламалар ишлаб чиқариш қувватлари, музлаткич ва сублимация ташкил этилади. Бу йилига 10 минг тонна мева-сабзавотни қайта ишлаш, дастлабки йилларда 6,5 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилиш имконини беради.

Янги чорвачилик комплекси 1000 бош қорамол ва 1 минг 500 бош қўй боқишга мўлжалланган. Умумий қиймати 10 миллиард сўмдан ортиқ бўлган мазкур лойиҳа натижасида 2 минг 650 тонна сут, 200 тонна гўшт, 2,5 тонна жун ишлаб чиқариш режалаштирилган. 800 гектар майдонда озуқа етиштирилади.

Шавкат Мирзиёев Аму-Бухоро ирригация тармоқлари лойиҳаси тақдимоти билан ҳам танишди. Умумий қиймати 406 миллион доллардан ортиқ бўлган мазкур лойиҳа доирасида Аму-Бухоро-I янги насос станцияси қурилади, Аму-Бухоро-II, Қуйи мозор, Қизилтепа ва Қизилтепа-I насос станциялари реконструкция қилинади. Бунинг самарасида Бухоро вилоятида 275 минг, Навоий вилоятида 40 минг гектар ер сув билан барқарор таъминланади. Йилига 134,2 миллион киловатт электр энергияси, 25,6 миллиард сўмдан зиёд бюджет маблағи тежалади.

Шундан сўнг жорий йилда Бухоро вилоятида ташкил қилинадиган интенсив боғлар режаси ҳам намойиш этилди.

Бухоро шаҳрида мутасадди раҳбарлар ва вилоят фаоллари иштирокида йиғилиш ўтказилди. Унда вилоят иқтисодиётини янги босқичга кўтариш, инфратузилмани ривожлантириш, муҳандислик-коммуникация тармоқларини яхшилаш, аҳолини иш билан таъминлаш ва турмуш даражасини янада ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.