7 март куни Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Республика Йўл жамғармаси бошқарув кенгаши томонидан «2017 йилда Тошкент шаҳри туманларининг йўл инфратузилмасини ривожлантиришнинг манзилли дастури» тасдиқланди. Бу ҳақда Автомобиль йўллари давлат қўмитаси матбуот хизмати «Газета.uz"га хабар қилди.

Мазкур дастурга мувофиқ, пойтахт кўчаларини жорий ва капитал таъмирлаш ишлари икки босқичда амалга оширилади. Биринчи босқич учун 20,6 млрд сўм, иккинчи босқич учун эса 50 млрд сўм ажратилган.

Жумладан, Юнусобод туманидаги «Юқори Қорақамиш», «Мойқўрғон» ва «Барака» кўчалари (жами узунлиги 7,1 км) жорий, Сергели туманидаги «Обиҳаёт», «Нилуфар», «Райҳон», «Дарё бўйи», «Канора» кўчалари (9,5 км) капитал таъмирланади.

Ўзбекистон Президенти 14 февралда «2017−2018 йилларда минтақавий автомобиль йўлларини ривожлантириш дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарорини имзолади, унга кўра пойтахтдаги 332 км йўл ва кўчалар таъмирланади.