15 мартдан бошлаб пенсионерлар 10:00—16:00 оралиғида Тошкент метрополитенидан бепул фойдаланишлари мумкин. Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси 9 март куни шу ҳақдаги қарорни қабул қилди. Шу куннинг ўзида пойтахт ҳокимининг ҳам тегишли қарори имзоланди.

Пенсионерлар учун кўрсатиб ўтилган вақт давомида метрополитендан бепул фойдаланишни жорий этиш тўғрисидаги режалар ҳақида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ўз сайловолди дастурларидан бирида тўхталиб ўтган эди.

Тошкент ҳокимиятида бўлиб ўтган брифингда метрополитен бошлиғи Ойбек Худойқуловнинг журналистларга хабар беришича, бепул юриш ҳуқуқидан фойдаланиш учун пенсионерларнинг метрополитен операторига пенсия гувоҳномасини кўрсатиши кифоя қилади.

Оператор пенсионерга махсус (одатийларидан фарқ қилувчи) бир марталик жетонни тақдим этади. Бундай жетондан фойдаланиш учун махсус турникет ажратилган.

Пенсионерлар учун белгиланган вақт оралиғида метрополитен хизматидан фойдаланишда чекловлар йўқ, бироқ ҳар сафар алоҳида жетон олинади. Қарор нафақат пойтахт, балки Ўзбекистоннинг барча пенсионерлари учун тадбиқ этилади.

Метрополитеннинг йўқотилган даромадлари Ўзбекистон бюджети ҳисобидан қопланади.