Япония Ўзбекистонга саккизта ижтимоий лойиҳани амалга ошириши учун 551,1 минг АҚШ доллари миқдорида грант маблағини ажратди. 7 март куни Тошкентда бўлиб ўтган грант-шартномаларни имзолашга бағишланган маросимда соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Элмира Боситхонова, халқ таълими вазирининг биринчи ўринбосари Бахтиёр Дониёров ва Япониянинг Ўзбекистондаги элчиси Набуаки Ито иштирок этди.

Япон элчихонаси матбуот хизматининг хабар қилишича, Тошкент вилоят онкологик диспансери, Тошкентдаги 3-сонли болалар клиник шифохонаси ва Наманган вилоят онкологик маркази кичик масштабли ижтимоий лойиҳаларга беғараз кўмак лойиҳаси бўйича грант олади. Мазкур муассасалар тиббий жиҳозлар билан таъминланади.

Самарқанд вилоятининг Оқдарё туманидаги 40-сонли ва Қорақалпоғистоннинг Қораўзак туманидаги 8-сонли мактаблар, Қораўзак туманидаги 2-мактабгача таълим муассасаси, Жиззах ва Сурхондарё вилояти Шўрчи туманидагидаги кўр ва заиф кўрувчи болалар учун ихтисослашган мактаб-интернатлар ўқув жиҳозларига эга бўлади.