Ўзбекистон ва Туркманистон Президентлари Шавкат Мирзиёев ҳамда Гурбангули Бердимуҳамедов душанба куни Ашхободда бўлиб ўтган музокаралар якунлари бўйича икк мамлакат ўртасида стратегик шериклик тўғрисидаги шартномани имзолади. Бу ҳақда ЎзА хабар қилди.

Тегишли вазирлик ва идоралар ўртасида 2018−2020 йилларда иқтисодий ҳамкорлик тўғрисидаги шартнома, темир йўл транспорти соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантиришга оид меморандум, 2017−2019 йилларга мўлжалланган маданий-гуманитар ҳамкорлик дастури, 2017−2018 йилларда ташқи ишлар вазирликлари ўртасидаги ҳамкорлик дастури, Ўзбекистондан Туркманистонга қишлоқ хўжалиги техникалари ва кимё маҳсулотлари етказиб бериш тўғрисидаги шартномалар имзоланди.

Бундан ташқари, Хоразм вилояти билан Дашовуз вилояти, Бухоро вилояти билан Лебап вилояти ҳокимликлари ўртасида савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорлик тўғрисида битимлар имзоланди.

Ўғузхон саройида Президентлар Шавкат Мирзиёев ва Гурбангули Бердимуҳамедовнинг яккама-якка музокараси бўлди. Унда мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва уни янада ривожлантириш истиқболлари, томонларни қизиқтирган долзарб минтақавий ва халқаро масалалар юзасидан фикр алмашилди.

Президентлар мулоқотни икки мамлакат расмий делегацияларининг кенгайтирилган таркибдаги музокарасида давом эттирдилар. Унда савдо-иқтисодиёт, нефть-кимё, транспорт коммуникациялари, қишлоқ хўжалиги, маданият, туризм ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни янада ривожлантириш масалаларига эътибор қаратилди. Савдо-иқтисодий алоқаларни диверсификация қилиш, экспорт-импорт номенклатурасини кенгайтириш, товар айирбошлаш ҳажмини кўпайтириш масалалари муҳокама қилинди.