Ўзбекистонлик тасмада акробатик машқларни бажарувчи Sky Angels дуэти ҳаво гимнастлари 3 март куни Лас-Вегасда (АҚШ) Cirque du Soleil — One Night for One Drop («Бир қатра учун бир кеча») хайрия шоуси иштирокчиси бўлди, деб хабар қилди дуэт иштирокчиси Кристина Воробьёва.

«Биз — иқлим ўзгариши таъсирин ҳис қилаётган биринчи ва бунинг учун нимадир қилиши мумкин бўлган сўнгги авлодмиз» — бешинчи бор ўтказилаётган анъанавий One Night for One Drop шоуси шундай шиор остида ташкиллаштирилди.

Яқиндагина Монте-Карлодаги фестивалда цирк саноатининг «Олтин масҳарабоз» олий мукофотини қўлга киритган «Осмон фаришталари» кечанинг асосий безакларидан бири бўлди. Кечада акробатлар, гимнастлар, каскадёрлар ҳамда махсус таклиф этилган меҳмонлар — актёрлар, мусиқачилар ва ижрочилар иштирок этди. Лойиҳада жами бўлиб 300 га яқин киши, жумладан, 63 нафар артист кўнгилли равишда бепул қатнашди.

Чипталарни сотишдан тушган маблағлар ONE DROP («Бир қатра») халқаро ташкилотининг хайрия дастурларига сарфланади. Шоу 2013 йилдан буён ўтказиб келинмоқда, бу давр мобайнида 24 млн доллар йиғилди.

Видео

Фото

Фото: facebook.com/kristianna.vorobeva