Туркманободда (Туркманистон) Ўзбекистоннинг биринчи Президенти Ислом Каримов ҳайкали очилди. Маросимда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов иштирок этди.

Туркманистон Давлат ахборот агентлигининг хабар қилишича, Лебап вилояти (Бухоро вилояти билан чегарадош) маъмурий марказидаги кўчалардан бирига ҳам Ислом Каримов номи берилди.

Йиғилганлар олдида сўзга чиққан Туркманистон Президенти Ислом Каримовнинг икки мамлакат ўртасидаги муносабатларни ривожлантиришдаги ўрни улкан эканини таъкидлаб ўтди.

«Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти учун энг яхши ёдгорлик — бу унинг ишларини давом эттиришдир», — деди Гурбангули Бердимуҳамедов.

Ўзбекистон ва Туркманистон раҳбарлари Ислом Каримов ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйишди.