Ўзбекистоннинг Uzbek Tigers бокс клуби 4 март куни пойтахтдаги «Ўзбекистон» спорт мажмуасида Жаҳон бокс серияси (WSB) еттинчи мавсуми доирасида биринчи ғалабани қўлга киритди. Россиянинг Patriot Boxing Team жамоасига қарши кечган жанг 5:0 ҳисобида якунланди.

56 кг гача вазн тоифасида Абдулхай Шораҳматов Дмитрий Шарафуддиновга қарши рингга кўтарилди (0−1). Жанг якунига кўра ҳакамлар бир овоздан Ўзбекистон спортчисини ғолиб деб топди.

64 кг гача вазн тоифасида Элнур Абдураимов Радмир Абдурахманов билан учрашди. Жанг томошабинбоп, очиқ ва яқин масофада кечди. Беш раунд якуни бўйича ҳакамлар Uzbek Tigers вакили ғолибликка лойиқ деб топди.

75 кг гача ўрта вазнда Исроил Мадримов (1−0) Ражаб Ражабовга (0−2) қарши дебютини муваффақиятли ўтказди. Жангда Ўзбекистон вакилининг қўли устун келди.

91 кг гача вазн тоифасида Зуҳриддин Маҳкамов Ислам Такеев билан куч синашди. Ўзбекистон спортчилари якуний ғалабани нақд қилиб қўйганига қарамасдан, Маҳкамов бор имкониятини ишга солган ҳолда ҳакамлар томонидан бир овоздан ғолиб деб топилишига муваффақ бўлди.

Кечанинг асосий жангида биринчи енгил вазн тоифасида Ҳасанбой Дўсматов (13−0) Батор Сагалуев (3−4) билан беллашди. Олимпия чемпиони WSB’даги 12-ғалабасини ишончли равишда қўлга киритди.
Уч турдан сўнг Ўзбекистон уч очко билан «С» гуруҳида учинчи ўринни банд этиб турибди. Қозоғистоннинг Astana Arlans клуби (9 очко) гуруҳда пешкадамлик қилаётган бўлса, Россиянинг Patriot Boxing Team клуби 3 очко билан иккинчи ўринда бормоқда.

Энг яхши лаҳзалар видеоталқинда

Фото

Uzbek Tigers WSB учинчи учрашувида олдидан BUKA Boxing Sportswear компанияси эпировкасида.