2 март куни бўлиб ўтган ҳисобот-сайлов анжуманида Ўзбекистон Волейбол федерацияси раҳбариятининг янги таркиби сайланди, деб хабар қилди Миллий олимпия қўмитаси матбуот хизмати.

«Ўзтрансгаз» компанияси бошқаруви раиси Эргаш Шоисматов бир овоздан спорт ташкилотининг янги президенти этиб сайланди. «Дори-Дармон» компанияси бошқарув раиси Абдуғани Комилов унинг биринчи ўринбосари этиб сайланди. «Арк Эко Текстиль» корхонаси директори Шерзод Хушвақтов ўринбосар бўлди. Санжар Абдуллаев бош котиб лавозимини эгаллади.

МОҚ хабарида қайд этилишича, сўнгги йилларда собиқ президент Шукурулло Маҳмудов бошчилигидаги федерация раҳбарияти томонидан волейболни ривожлантиришга етарли даражада эътибор қаратилмади.

Маросимда Волейбол федерациясининг 2013−2016 йиллардаги ҳисоботи тингланиб, келгусидаги мақсад ва вазифалар белгилаб олинди.