2017 йилги Наврўз байрами Тошкент, Қорақалпоғистон ва вилоятлар марказлари, барча шаҳар, туман ва қишлоқларда умумхалқ сайиллари шаклида нишонланади. Бу Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 28 февралдаги «2017 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида"ги қарорида ўз аксини топди.

Қарорга мувофиқ, Наврўз кунларида меҳр-мурувват, аҳиллик ва тотувлик, ёши улуғ инсонлар, табаррук отахон ва онахонларни ҳар томонлама эъзозлаш, кўмакка муҳтож инсонларга беғараз ёрдам бериш билан боғлиқ хайрия тадбирлари амалга оширилади.

Маҳаллаларда, шаҳар ва қишлоқларда ҳашарлар, кенг кўламдаги ободончилик ва кўкаламзорлаштириш ишлари ташкил этилади.

Қорақалпоғистон, вилоятлар ва Тошкентда бўлиб ўтадиган сайилларга фольклор гуруҳлари, бадиий ҳаваскорлик жамоалари, дорбозлар, цирк артистлари, оилавий ансамбллар, бахшилар, шоирлар, шунингдек, профессионал ижрочилар ва истеъдодли эстрада артистлари кенг жалб этилади.

Сайил дастурларини тайёрлашда халқ ўйинлари, фольклор санъатининг энг яхши намуналари, куй ва қўшиқлар, ўлан ва лапарларга кенг ўрин берилади.