Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 28 февраль куни «Қорақалпоғистон Республикаси Мўйноқ туманини 2017−2018 йилларда иқтисодий ривожлантириш ва бандликни таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорни имзолади. Бу ҳақда Меҳнат вазирлиги матбуот хизмати хабар қилди.

Инвестицион лойиҳаларнинг манзилли рўйхатига саноатда умумий қиймати 30 млрд сўм бўлган 28 та, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасида 17,2 млрд сўмлик 28 та, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ва қишлоқ хўжалигини ривожлантириш бўйча 16 та лойиҳа киритилган. Умумий қиймати 52,3 млрд сўм, жумладан 990 минг АҚШ долларига тенг бўлган 72 та лойиҳа амалга оширилиши натижасида 1343 та янги иш ўрини яратилиши назарда тутилган.

Тижорат банкларига тадбиркорлик субъектлари учун Марказий банкнинг қайта молиялаштириш ставкасининг 50 фоизи миқдоридаги фоиз ставкасида кредитлар ажратиш тавсия этилган.

Қарорда собиқ «Мўйноқ балиқ консерва комбинати» ва собиқ 5-қурилиш бошқармасининг 20,5 га ҳудудида электротехника, қурилиш материаллари, суғориш ускуналари, сув насослари, сув ҳисоблагичлари, сув қувурлари, тайёр трикотаж, тикувчилик ва бошқа замонавий маҳсулотларни ишлаб чиқаришни ташкил этиш бўйича «Мўйноқ» кичик саноат зонасини барпо этиш кўзда тутилган.

Мўйноқ туманига инвестиция киритишга қарор қилган тадбиркорлар учун республикада муқобили бўлмаган ўзига хос солиқ имтиёзлари ва преференциялар тақдим этилади. 2017 йил 1 апрелдан 2027 йил 1 январгача бўлган қарийб 10 йиллик муддат давомида «Мўйноқ» кичик саноат зонасида янги ташкил этиладиган ва унинг майдонида саноат соҳасида фаолият юритадиган тадбиркорлик субъектлари барча турдаги солиқлардан, туман ҳудудида рўйхатдан ўтган ва ушбу ҳудудда фаолият юритаётган якка тартибдаги тадбиркорлар қатъий белгиланган солиқдан озод қилиниши белгиланди.

Бундан ташқари, тадбиркорлар тумандаги фойдаланилмаётган давлат объектларини иш ўринлари очиш шарти билан «ноль» қийматда ижарага олишлари мумкин. Давлат мулки бўлган яна 12 та бўш бино иш ўринлари очиш шарти билан салоҳиятли инвесторларга «ноль» харид қийматида сотилади.

Мўйноқни ривожлантириш дастурида асосий эътибор сайёҳлик салоҳиятини шакллантириш бўйича чора-тадбирларга қаратилган. Туризмни ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар рўйхатига қуйидагилар киритилган:

  • туман марказида «Moynaq City Center» савдо-туризм коплексини ташкил қилиниши ва ўзига хос Орол денгизи қирғоқлари бўйлаб квадрациклда учиш, Орол денгизи уникал минералларига тўйинган балчиқ (гряз) билан даволаш, Оролнинг сертузли даволаш ванналарини қабул қилиш каби туристик хизматлар кўрсатувчи «Туризм Маркази» фаолиятини йўлга қўйиш;
  • «Орол ва Мўйноқнинг қайта тикланиши» мавзусида ҳар йили халқаро экофестивал ўтказиш;
  • «Ўлкашунослик» музейини қайта реконструкция қилиш ва шу орқали денгиз ҳақидаги тарихий фотосуръатлар ва видеоёзувларни намойиш қилувчи замонавий 3-D технологиялар билан жиҳозлаш;
  • қуриб бораётган Орол денгизи рамзи сифатида унинг қирғоқида Мўйноқ Маякини қуриш ва унинг ёндош ҳолда «денгиз тўлқини шовқини» мусиқаси фони билан куй тартувчи кафе-ресторани қурилиши;
  • «Орол денгизи балиқларидан 99 турдаги таомлар» номли Гастрономик фестивал ўтказиш;
  • Қорақалпоқ халқ шоирлари Бердах ва Ажиниязга бағишланган Халқаро мусиқий-шеърий фестивалларини ташкил қилиш;
  • Орол денгизининг қуриб қолган ҳудудидаги 11 та кемани қайта тиклаш ва уларга қизиқиш юқори бўлган туристлар келувчи мамлакатлар номини бериш;
  • Орол денгизининг қуриб қолган чегараси белгиларини тиклаш ва бу жойларда денгизнинг эски харитаси туширилган катта масштабли билбордларни жойлаштириш;
  • «Сувни тежаш технологиялари», «Сувни муҳофаза қилиш тадбирлари», «Денгиз ва дарё ҳавзаларининг биоэкологиясини сақлаш ва ҳимоя қилиш» ва бошқа мавзуларда конференциялар ўтказиш;
  • Орол мавзуси ва денгизни тасвирловчи сувенирлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш;
  • Қорақалпоқ ва Мўйноқ анъаналари тимсоли туширилган гилам тўқиш бўйича ҳунармандчилик фаолиятини йўлга қўйиш;
  • Мўйноқнинг тўқимачилик маҳсулотлари ва сувенирларини сотиш бўйича Нукус, Урганч, Хива, Бухоро, Самарқанд, Тошкент ва бошқа йирик шаҳарларда савдо расталари ташкил этиш;
  • Мўйноқ тумани ва Орол денгизи туризм салоҳиятини намойиш этишга доир йирик масштабли баннерлар тайёрлаш ҳамда Нукус, Ургенч, Хива, Бухоро, Самарқанд ва Тошкент шаҳарларида бепул жойлаштириш;
  • Мўйноқ ва Орол денгизи тарихи, ҳудуднинг табиати, ҳайвонот олами ва туман аҳолисининг анъаналари, урф-одатлари, Бердах ва Ажинияз каби қорақалпоқ халқ шоирлари ва алломалари ҳақида ҳужжатли ва бадиий фильмлар ҳамда роликлар яратиш, уларни миллий телевидение орқали намойиш этиб бориш.

Мўйноқ тумани ва Орол денгизи ҳудудига туристларни кенгроқ жалб қилиш имкониятлари, ҳудуднинг табиати, ҳайвонот олами ва туман аҳолисининг анъаналари, урф-одатлари ҳақида видеороликлар тайёрлаш учун «Моя Планета», «National Geographic», «Animal Planet», «Viasat Explore» каби етакчи телеканалларни таклиф этиш.

Туристлар оқими камайган мавсумларда республика миқёсида олий ўқув юртлари талабалари, касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари ва йирик ташкилотлар ходимларини ташкиллаштирилган ҳолда Мўйноқ тумани ҳудудига саёҳатларини амалга ошириш.

Мўйноқ тумани ҳудудини янада ободонлаштириш, кўп қаватли уйларнинг том, фасад қисмлари, подъезд ва йўлакларини таъмирлаш ва ўриндиқлар ўрнатиш, болалар майдончалари (ўйингоҳлари) ташкил қилиш ҳамда атрофини тартибга келтириш каби тадбирларни амалга ошириш ҳам мўлжалланган.