2 март куни Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Австралиянинг янги тайинланган фавқулодда ва мухтор элчиси (қароргоҳи Москва шаҳрида) Питер Мартин Тешни қабул қилди, деб хабар берди ТИВ матбуот хизмати.

Элчи Ўзбекистон Президенти номига йўлланган ишонч ёрлиқларини топширди.

Суҳбат давомида Ўзбекистон-Австралия муносабатларини ривожлантиришнинг ҳозирги ҳолати ва устувор йўналишлари, шунингдек, БМТ ва бошқа халқаро тузилмалар доирасидаги ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.

Учрашувда мавжуд имкониятлардан тўлиқ фойдаланиш мақсадида турли соҳалардаги ҳамкорликни янада ривожлантириш учун янги марраларни биргаликда белгилаш имконини берувчи вазирликлараро сиёсий маслаҳатлашувларни ўтказиш амалиётини давом эттиришдан томонлар манфаатдор эканлиги тасдиқланди.

Музокаралар чоғида савдо-иқтисодий ва инвестицион алоқаларни кенгайтириш, ўзаро манфаатли лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш истиқболларига алоҳида эътибор қаратилди.