Таэквондо (WTF) бўйича Ўзбекистон терма жамоаси 23−25 февраль кунлари Ал-Фужайрада бўлиб ўтган Fujairah Open 2017 халқаро рейтинг мусобақасида 16 медални қўлга киритди. Беллашувда 35 мамлакатдан 589 спортчи иштирок этди.

Ўзбекистон Таэквондо ассоциациясининг хабар беришича, миллий терма жамоа учта олтин, бешта кумуш ва саккизта бронза медалига сазовор бўлди.

12−14 ёшли ўсмирлар беллашувларида Амирбек Тўраев (-37 кг), Азизбек Раҳмонбердиев (-49 кг) ва Даниил Ким (-33 кг) энг юқори поғонага кўтарилган бўлса, Жавоҳир Холмуродов (-37 кг) финалда ҳамюртидан мағлубиятга учраб, кумуш медал билан тақдирланди.

15−17 ёшлилар ўртасида Зуҳра Очилова (-63 кг) мусобақа вице-чемпиони бўлди. Ислом Юлдашeв (-78 кг), Динора Мухторова (-44 кг) ва Феруза Содиқова (-63 кг) — бронза медали соҳиблари.

Катталар ўртасида (17 ёшдан) Никита Рафалович (-74 кг), Шуҳрат Салаев (-63 кг) ва Нигора Турсунқулова (-67 кг) терма жамоа хазинасига кумуш медалларни тортиқ қилди. Ваентин Хегай (-54 кг), Максим Рафалович (-80 кг), Темур Ўролов (-58 кг), Мафтуна Эргашeва (-73 кг) ва Свeтлана Осипова (+73 кг) эса учинчи ўрин билан чекланди.