Ўзбекистонлик Sky Angels тасмада ҳаво гимнастлари дуэти 3 март куни Лас-Вегасда (АҚШ) бўлиб ўтадиган Cirque du Soleil — One Night for One Drop («Бир қатра учун бир тун») хайрия шоусида иштирок этади. Бу ҳақда дуэт иштирокчиси Кристина Воробьёва «Газета.uz"га хабар қилди.

Фото: fb.com/christophe.roullincircorama.

Яқиндагина Монте-Карлодаги фестивалда цирк «Оскар"ини қўлга киритган ўзбекистонликлардан ташқари, кеча доирасида акробатлар, гимнастлар, каскадёрлар, шунингдек махсус таклиф этилган меҳмонлар — рэппер Redfoo, The Tenors гуруҳи, «Америкада иқтидорлар бор-2016» танлови ғолиби Грейс Вандервол, Аргентинанинг Malevo рақс гуруҳи ва канадалик актёр Уильям Шенер иштирок этади. Лойиҳада 300 нафарга яқин киши, жумладан, 63 артист бепул, кўнгилли равишда иштирок этади.

Чипталар савдосидан тушган барча маблағлар ONE DROP («Бир қатра») халқаро ташкилотининг хайрия дастурларига бориб тушади. Шоу 2013 йилдан буён ўтказиб келинаётган бўлиб, бу давр ичида 24 млн долларга яқин маблағ йиғилган.

ONE DROP — Cirque du Soleil асосчиси Ги Лалиберте ташаббуси билан ташкил этилган хайрия ташкилоти. Ташкилотнинг асосий мақсади — тоза ичимлик сувига бўлган эҳтиёжни қондириш орқали қашшоқлик устидан ғалаба қозониш ва сув билан боғлиқ масалалар бўйича хабардорлик даражасини ошириш.