Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдўғон душанба куни Истанбулда бош вазир ўринбосари Рустам Азимов бошчилигидаги Ўзбекистон делегациясини қабул қилди, деб хабар берди Туркия давлат раҳбари сайти. Учрашув тафсилотлари маълум қилингани йўқ. Туркия оммавий ахборот воситаларининг ёзишича, Туркия бош вазири ўринбосари, иқтисодиёт ва мудофаа вазирлари иштирок этган учрашув бир соатга яқин давом этган.

Ўзбекистон делегацияси Истанбулда ўзбек-турк бизнес-форумида иштирок этди. Мазкур форум якунларига кўра, иқтисодий соҳада ҳамкорликни ривожлантириш тўғрисидаги битим имзоланди.

Anadolu агентлиги маълумотларига кўра, томонлар ҳамкорлик учун 10 етакчи йўналиш, жумладан, қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик, электроника, кимё саноати, туризм ва логистика соҳаларини белгилаб олишди.

Туркия иқтисодиёт вазири Нихат Зейбекчи форумда сўзга чиқар экан, ўтган йили қайд этилган 1,2 млрд долларлик ўзаро савдо айланмаси кўрсаткичи икки мамлакат имкониятларига мос келмаслигини таъкидлаб ўтди. У 1995 йил имзоланган инвестициялар тўғрисидаги битимни қайта кўриб чиқиш ҳамда эркин савдо ёки савдо преференциялари тўғрисидаги шартномани имзолашга чақирди.

Туркия статистикасига мувофиқ, 2016 йилда Туркиядан Ўзбекистонга қилинган экспорт ҳажми бир йил аввалгига қараганда 488,5 млн доллардан 533,3 млн долларга ошган, айни пайтда Ўзбекистондан мпорт ҳажми 711,5 млн доллардан 709,2 млн долларга камайган.

Рустам Азимов ўз чиқишида Ўзбекистон Туркия билан нефть-кимё соҳасида ҳамкорлик қилиш умид билдираётганини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистонда иккита нефтни қайта ишловчи завод ишламоқда ва учинчиси бунёд этилмоқда.

«Биз Ўзбекистонда олтин, кумуш ва уран каби фойдали қазилмаларни қазиб олиш ва қайта ишлаш соҳасида ҳамкорлик қилишимиз мумкин», — дея иқтибос келтиради Anadolu бош вазир ўринбосари сўзларидан.

Темир ва автомобиль йўллари қурилиши лойиҳалари ҳам ҳамкорликнинг яна бир йўналиши бўлиши мумкин, дея қўшимча қилди у.

Рустам Азимов Туркия Ўзбекистон мустақиллигини тан олган биринчи мамлакат бўлганини эсга олиб шундай деди: «Ўзбекистон халқи буни ҳеч қачон унутмайди».