Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хорижий ОАВнинг Тошкент вилояти Оҳангарон тумани «Янги ҳаёт» аҳоли пунктида қорамоллар орасида оқсил касаллиги тарқалгани тўғрисидаги хабарларини инкор этди.

ФВВ матбуот хизматининг хабар қилишича, Қишлоқ ва сув хўжалиги давлат ветеринария Бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари С.Оққиев бошчилигида бир гуруҳ ветеринария мутахассислари ФВВ ходимлари ва «Янги ҳаёт» маҳалла фуқаролар йиғини раиси ҳамроҳлигида эпизоотик вазиятни ўрганиб чиқишди.

Уйма-уй юриш усулида ветеринария мутахассислари томонидан олиб борилган ўрганиш давомида йирик шохли ва майда шохли қорамоллар орасида оқсил касаллиги белгилари аниқланмади. Ўрганилган хонадонларда қорамоллардан лаборатория текширувлари учун намуналар олинди.

Шу ҳудудда истиқомат қилувчи хонадонида қорамоллари бор фуқаролар билан суҳбатлашилганда, қорамолларни оқсил касаллиги билан касалланганлиги ва нобуд бўлганлиги бўйича умуман хабарлари йўқлиги аниқланди.

Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги давлат ветеринария Бош бошқармаси томонидан 2016 йилда 4,5 млн доза миқдорида оқсил касаллигига қарши эмлама сотиб олинган ва республиканинг буфер ҳудудларидаги барча йирик шохли қорамоллар эмланган.

Ҳозирги кунда республика ҳудудида эпизоотик вазият ўзгаришсиз ва ҳеч қандай хавотирга ўрин йўқ.