Буюк Британия Ўзбекистондаги ислоҳотлар режасини қўллаб-қувватлайди ва Ўзбекистоннинг келажаги порлоқ эканига ишонади. Бу ҳақда 17 февраль куни икки мамлакат ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 25 йиллигига бағишланган матбуот анжуманида Буюк Британия элчиси Кристофер Аллан маълум қилди.

Элчи Ўзбекистоннинг бизнес муҳитни яхшилаш, коррупцияга барҳам бериш ва чет эл инвестицияларини жалб қилиш йўлидаги интилиши жуда муҳим ва ижобий қадам эканлигини таъкидлаб ўтди. У ҳукуматнинг онлайн портал ва бошқа баҳолаш механизмлари орқали аҳоли билан алоқасини яхшилашга қаратилган ўзгаришлар кўплаб ижобий натижаларни бераётганини маълум қилди.

Буюк Британия қўлидан келганча ушбу ислоҳотларга Ўзбекистон институтлари билан тажриба алмашиш орқали ёки салоҳиятини оширишни молиялаштириш орқали ёрдам беришдан мамнун, деди элчи.

Жорий йилда Буюк Британия элчихонаси ҳукуматнинг иқтисодиёт, ошкоралик, жавобгарлик ва жиноят-адлия тизимидаги ислоҳотларни қўллаб-қувватлашга йўналтирилган лойиҳаларни молиялаштиришга 500 мингbri АҚШ долларидан кўпроқ сармоя киритишни кўзлаган. Шу билан бирга, Жаҳон Банки, Осиё тараққиёт банки ва Европа Иттифоқининг асосий донорларидан бири бўлган Буюк Британия ҳар йили Ўзбекистоннинг ривожланиши учун кўплаб миллион долларли грантлар ва имтиёзли кредитлар ажратиб келмоқда, деб таъкидлади дипломатик миссия раҳбари.

Ўзбекистон ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги маълумотларига кўра, 2016 йилда Ўзбекистон ва Буюк Британия ўртасидаги товар айрибошлаш ҳажми 151,3 млн долларни ташкил этиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 43 фоизлик ўсиш қайд этилди. Ўзбекистондан қора металлар ва пахта экспорт қилинган бўлса, Буюк Британиядан — хизматлар, техника ва қурилмалар, химикатлар, фармацевтик воситалар ва истеъмол товарлари импорт қилинган.

Буюк Британия Ўзбекистон билан савдо, иқтисодиёт ва инвестицион ҳамкорликни кучайтириш, ўзбек ва британ компаниялари ўртасидан бевосита алоқаларни ўрнатиш, савдо миссияларининг қатновини кўпайтириш, жумладан, Савдо ва саноат бўйича Ўзбекистон-Британия Кенгаши (ЎБССК) орқали амалга ошириш йўлида давом этмоқда, деб қайд этди Кристофев Аллан. Кенгаш 1994 йилдан буён мунтазам йиғилишлар ўтказиб келади. Ноябрда Тошкентда бўлиб ўтган кенгаш йиғилишига ташриф буюрган британ компаниялари сони рекорд даражага етди. Жорий йилда ЎБССК йиғилиши Лондонда бўлиб ўтади.

Элчи Буюк Британия ва Ўзбекистон муносабатларида мудофаа соҳасининг муҳим ролига урғу берди ва Афғонистондаги ҳарбий операциянинг транзитини ташкил қилишда Ўзбекистоннинг ёрдамига ўз миннатдорчилигини изҳор этди. У Буюк Британия ҳарбий академиялар томонидан мудофаа соҳасидаги таълим келишувини имзолаган биринчи давлат бўлганини қўшимча қилди.