Тошкент Давлат солиқ бошқармаси мутахассислари томонидан чакана савдо ва пулли хизматлар кўрсатиш объектлари инвентаризациядан ўтказилган тўрт кун ичида 1700 га яқин терминаллар етишмаслиги аниқланди. Бу ҳақда пойтахт ҳокимиятида бўлиб ўтган матбуот анжуманида ДСБ бошлиғи Музаффар Пардаев маълум қилди.

Ўн кунлик инвентаризация Ўзбекистон Президентининг яқинда қабул қилинган пул билан боғлиқ муносабатларни такомиллаштириш ва пластик карточкалардан фойдаланган ҳолда ҳисоб-китобларни ривожлантириш тўғрисидаги қарори ижроси юзасидан ўтказилмоқда.

«Бугун — инвентаризациянинг тўртинчи куни. Ўйлайманки, текширувлар сўнгига қадар энг камида 5000−6000 терминал етишмаслиги аниқланади», — деди бошқарма бошлиғи.

Музаффар Пардаев тўлов шаклига қараб нархларнинг кўтарилиши ёки тушишига солиқ бошқармаси фуқароларнинг мурожаатлари асосида қарши кураш олиб боришини маълум қилди. Режадан ташқари текширувларни ўтказишда назорат харид усулидан фойдаланиш режалаштирилмоқда.

Марказий банкнинг Тошкент бўйича Бош бошқармаси бошлиғи Мажид Тоҳиров аҳолини нақд пул билан таъминлаш учун йил сўнгига қадар 1000 дона банкомат ўрнатилишини маълум қилди. Унинг айтишича, ҳозирда тижорат банклари қурилмаларни харид қилиш ҳақида етказиб берувчилар билан музокаралар олиб бормоқда.