Академик Маҳмуд Мирзаев номидаги Боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий-тадқиқот институти (собиқ Шредер номидаги ИТИ) ҳудудида дарахтларнинг шафқатсизларча кесилгани тўғрисидаги маълумотлар ўз тасдиғини топди.

Институтнинг бир гуруҳ фахрийлари дарахтларнинг оммавий равишда кесилгани, уларнинг аксарияти қарийб бир асрлик ёшда экани бўйича давлат органлари ва ОАВга мурожаат билан чиқди. Табиатни муҳофаза қилиш инспекторларининг текшируви мазкур маълумотларнинг тўғри эканини тасдиқлади.

«Газета.uz» ушбу масалада изоҳ берилишини сўраб институт ва Ўзбекистон Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасига мурожаат қилди. Вазиятга бош директор ўринбосари Жамолиддин Файзиев ойдинлик киритди. Унинг сўзларига кўра, институт ҳудудида ростдан ҳам 39 та қуриган ва касалланган дарахт кесилган. Институтда бунинг учун рухсат берувчи ҳужжатлар мавжуд, деб қайд этди у.

Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасидан эса бошқа маълумотлар тақдим этилди. Маҳкаманинг расмий хабарида табиатни муҳофаза қилиш инспекторлари Академик Маҳмуд Мирзаев номидаги Боғдорчилик, узумчилик ва виночилик ИТИ ҳудудида дарахтларнинг ноқонуний кесилишига ойдинлик киритиш бўйича ҳодиса жойида вазиятни ҳар томонлама ўрганган. Натижада бир қатор қонун бузилиши ҳолатлари аниқланган.

Кесилган дарахтлар схемаси ўрганилганда, кесишга рухсат берилган 69 та дарахтнинг фақатгина 58 таси кесилган маълум бўлди. Бироқ қолган ҳудудлар текширилганда, мазкур 58 та дарахтдан ташқари рухсатсиз яна 52 та дарахт кесилгани аниқланди. Қолган тўнкалар орқали уларнинг 22 таси қуригани, 30 таси эса тўла соғлом дарахтлар экани маълум бўлди.

Қонун бузилиши тўғрисидаги материаллар Тошкент вилоят прокуратурасига тақдим этилди ва улар бўйича текширув тергов ишлари олиб борилмоқда.