Бир қатор давлат ва жамоат ташкилотлари ташаббуси билан «Тараққиёт стратегияси» маркази ташкил этилди. У 2017−2021 йилларда бешта устувор йўналиш бўйича Ўзбекистонни ривожлантириш ҳаракатлар стратегияси ҳамда «Инсон манфаатлари ва халқ билан мулоқот йили» давлат дастурини амалга ошириш билан шуғулланади. Марказни ташкил этиш Президент Шавкат Мирзиёев фармойиши билан тасдиқланди.

Нодавлат нотижорат ташкилот мақомига эга марказ Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти, Президент ҳузуридаги амалдаги қонун ҳужжатлари мониторинги институти, Савдо-саноат палатаси, Адвокатлар палатаси, Президент ҳузуридаги Давлат бошқарув академияси, Электрон ОАВ Миллий ассоциацияси (ЭОАВМА) ва ННТ Миллий ассоциацияси муассислигида ташкил этилди.

ЭОАВМА хабарига кўра, марказ фаолияти эксперт ва жамоатчилик муҳокамаларини ташкил этиш, Ривожлантириш стратегиясида кўзда тутилган тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, мамлакатни демократлаштириш ва модернизация қилиш жараёнига фуқаролик жамияти институтлари, экспертлар ва олимларни жалб қилишда кучларни бирлаштиришга қаратилган.

Унинг вазифаларига қаторидан Ривожлантириш стратегиясида кўзда тутилган тадбирлар ахборот-таҳлилий мониторингини юритиш, мазкур ҳужжат доирасида амалга оширилувчи тадбирлар бўйича илғор хориж тажрибалари, халқаро ташкилотлар ва экспертлар баҳоларини ўрганиш, уларнинг эксперт ва жамоат муҳокамаларида кенг иштирокини таъминлаш ҳам ўрин олган.

Марказ Ривожлантириш стратегиясини самарали амалга ошириш, жумладан, давлат дастурларида кўзда тутилган қонунлар, қонуности ҳужжатлари ва бошқа актлар лойиҳаларини тайёрлаш, халқаро ташкилотлар, илмий-тадқиқот, ахборот-таҳлил ва таълим муассасалари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича асосли таклифларни илгари суриш билан ҳам шуғулланади.

Ривожлантириш стратегияси бўйича ҳар йиллик дастурлар лойиҳаларини тайёрлашда ҳамкорлик қилиш, унинг амалга оширилиши жараёнида тизимли жамоат мониторингини амалга ошириш ва бу ҳақда аҳолини кенг хабардор қилиш, фуқаролар фикр ва таклифларини ўрганиб, улар таклифларини қайта ишлаш ҳам марказ вазифаларидан саналади.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Акмал Бурхонов марказ директори этиб тайинланди. У Япония Университети битирувчиси ҳисобланиб, бир муддат давомида Нагоя университетининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ижрочи директори лавозимида фаолият кўрсатган.