Бухоро вилояти матбуот хизмати ОАВдаги Олот туманида уйларнинг бузилаётгани ҳақидаги хабарларга жавоб қайтарди.

Ободонлаштириш ишлари жараёнида «фуқаролар яшаш уйларининг бирортаси бузилмаган. Фақатгина, кўп квартирали уйларга туташ қилиб ноқонуний қурилган қўшимча бинолар бартараф қилинган», дейилади хабарда.

20 январь куни Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси Бухоро вилоятининг аҳолиси саломатлиги ҳамда турмуш даражасини янада яхшилаш бўйича қарор қабул қилди. Олот тумани ҳудудини ободонлаштириш ишлари мазкур қарор ижроси юзасидан олиб борилмоқда.

Уй-жойларни шаҳарсозлик ва ёнғин хавфсизлиги нормаларига мослаштириш, ҳудуддаги кўп квартирали уй-жойлар атрофларидаги одамлар юриши ва автомобиллар ўтиши учун ноқулайлик туғдираётган ноқонуний қурилишларни бартараф этиш учун туман маъмурияти томонидан ишчи гуруҳлари тузилган.

Ишчи гуруҳлари тумандаги «Бунёдкор», «Нонимас» маҳалла фуқаролар йиғинларида кўп квартирали уйлар атрофларида қурилган кадастрда расмийлаштирилмаган молхоналар, ҳожатхоналар, омборчалар ҳамда бошқа қўшимча қурилган биноларни бузиш ишларини олиб борган.

«Ноқонуний қурилишларни бузишдан олдин фуқароларга уларнинг қўшимча қурилишлари шаҳарсозлик норма ва қоидаларига мос келмаганлиги учун бузилиши юзасидан огоҳлантириш хатлари берилган», — дейилади ҳокимият хабарида.

Ҳозирги вақтда об-ҳавонинг ноқулай келиши муносабати билан ноқонуний қурилмаларни бартараф этиш ишлари вақтинча тўхтатилган.