Ўзбекистон мусулмонлари идораси муассислигида Сурхондарё вилоятида Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази ташкил этилади. Бу Ўзбекистон Президентининг 14 февралдаги қарорида ўз аксини топди.

Қарор ислом дини ривожига улкан ҳисса қўшган буюк аллома Абу Исо Термизий (Имом Термизий) ва термизий алломаларнинг меросини илмий асосда чуқур ўрганиш, миллий-диний қадриятларни асраб-авайлаш ва ривожлантириш, шу асосда ёш авлодни эзгу ғоялар руҳида тарбиялаш, уларнинг қалбида Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғусини янада кучайтириш мақсадида қабул қилинди.

Қуйидагилар марказнинг асосий вазифалари сифатида белгиланди:

  • ислом динининг, Қуръони карим ва ҳадис илмининг асл моҳиятини, ҳадисшунослик мактабининг илмий-маънавий асосларини, Имом Термизий ҳамда термизий алломалар, юртимиздан етишиб чиққан мутафаккир зотлар меросини ҳар томонлама чуқур ўрганиш ва кенг тарғиб этиш;
  • юксак инсоний ғоялар ва муқаддас қадриятларни ўзида ифода этган манбаларни тизимли асосда тадқиқ этиш, улардан диний таълим, маънавий-ахлоқий тарбия ишларида фойдаланиш мақсадида зарур дарсликлар ва ўқув қўлланмалари, оммабоп нашрлар, илмий-амалий тавсиялар тайёрлаш юзасидан доимий иш олиб бориш;
  • турли мафкуравий хуружлар авж олаётган бугунги кунда аждодларнинг маънавий меросини чуқур ўрганиш, улардаги эзгу ғоя ва таълимотларни кенг халқ оммасига етказиш ва шу асосда ёшларда соғлом дунёқарашни кучайтириш, уларни азалий қадриятларга содиқлик руҳида тарбиялаш;
  • Имом Термизий ва термизий алломаларнинг бой меросини ўрганиш ва кенг тарғиб этиш мақсадида хорижий илмий марказлар, халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш, халқаро конференция, симпозиум, кўргазма, илмий маърузалар, семинар-тренинглар, танловлар ва бошқа маданий-маърифий тадбирлар ташкил этиш;
  • мамлакатда ҳамда хорижий давлатларнинг кутубхоналари ва қўлёзма фондларида сақланаётган термизий алломалар ҳамда буюк мутафаккирларнинг қўлёзма ва тошбосма асарлари нусхаларини, улар ҳақидаги китобларни тўплаш ва илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш;
  • маънавий меросни ўрганишда замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан, илм-фан ютуқларидан кенг фойдаланишга доир тегишли илмий ишланма ва тавсияларни тайёрлаш.

Ҳужжатга кўра, марказ фаолияти Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Имом Термизий ёдгорлик мажмуаси, ҳомийлик хайриялари ҳамда хорижий мамлакатлар ва халқаро диний-илмий марказларнинг маблағ ва грантлари ҳисобидан молиялаштирилади.