Ўзбекистон Президенти қарори билан 2017−2018 йилларда минтақавий автомобиль йўлларини ривожлантириш дастурини тасдиқланди. Бу ҳақда ЎзА хабар қилди.

Қарорнинг расмий шарҳида келтирилишича, айни вақтда қишлоқ автомобиль йўллари, шаҳарлар, шаҳар посёлкалари, қишлоқлар ва овуллар кўчаларининг ҳолати билан боғлиқ бўлган бир қатор муаммолар ҳал этилмасдан қолмоқда, ушбу автомобиль йўлларининг аксарият қисми белгиланган сифат ва хавфсиз ҳаракатланиш талабларига жавоб бермайди.

Янги турар жой мавзеларининг барпо этилиши, шаҳарларнинг кенгайтирилиши, транспорт воситалари сонининг жиддий кўпайиши минтақавий автомобиль йўллари ҳолатини тубдан яхшилаш юзасидан амалий чора-тадбирлар кўришни талаб қилади.

Туман ва шаҳарларнинг йўл ташкилотлари йўл-таъмирлаш техникаси, моддий-хомашё ресурслари билан етарли даражада таъминланмаган, ҳар йили ажратилаётган маблағлар хўжаликлараро қишлоқ автомобиль йўлларини, шаҳарлар, шаҳар посёлкалари, қишлоқлар ва овуллар кўчаларини зарур даражада сақлаш ва таъмирлаш ишларининг сифатли бажарилишини таъминлаш учун етарли эмас.

Дастурда 2017−2018 йилларда 5454 км, жумладан, 2017 йилда — 2700 км, 2018 йилда — 2754 км хўжаликлараро қишлоқ автомобиль йўллари, шаҳарлар, шаҳар посёлкалари, қишлоқ ва овулларнинг кўчаларини капитал ва жорий таъмирлаш кўзда тутилган.

Жумладан, Қорақалпоғистон бўйича 295 км, Андижон вилояти бўйича — 324 км, Бухоро- 439 км, Жиззах — 222 км, Қашқадарё — 679 км, Навоий — 216 км, Наманган — 309 км, Самарқанд — 479 км, Сурхондарё — 535 км, Сирдарё — 267 км, Тошкент — 516 км, Фарғона — 520 км, Хоразм — 321 км ва Тошкент шаҳри бўйича — 332 км йўллар ва кўчаларни таъмирлаш назарда тутилган.

Хўжаликлараро қишлоқ автомобиль йўллари, шаҳарлар, шаҳар посёлкалари, қишлоқ ва овулларнинг кўчаларини жорий таъмирлаш ишларини бажариш учун минтақавий йўлларни таъмирлашга ихтисослаштирилган ташкилотларни 330 та йўл техникаси билан таъминлаш режалаштирилган.

Дастурда мавжуд республика хўжаликлараро қишлоқ автомобиль йўллари, шаҳарлар, шаҳар посёлкалари, қишлоқ ва овуллар кўчаларини босқичма-босқич хатловдан ўтказиш ва уларни паспортлаштириш, бу борадаги ишлар натижалари бўйича электрон маълумотлар базасини яратиш белгиланган.