Автомобиль йўллари қуриш ва фойдаланиш давлат-акциядорлик компанияси («Ўзавтойўл» ДАК) негизида Ўзбекистон Автомобиль йўллари давлат қўмитасини ташкил этилди. ЎзА хабарига кўра, бу Президентнинг «Йўл хўжалигини бошқариш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармонида кўзда тутилган.

Қайта ташкил этилишдан мақсад — автомобиль йўллари ва сунъий иншоотларни лойиҳалаштириш, қуриш ва фойдаланиш жараёнига комплекс ёндашиш асосида йўл хўжалигини бошқаришнинг самарали тизимини шакллантириш, уларни молиялаштириш тизимини такомиллаштириш, лойиҳалаштириш ва йўл-қурилиш ишлари сифатини ошириш имконини берадиган тўлақонли буюртмачи хизматини яратишдан иборат.

Янги қўмитанинг асосий вазифа ва йўналишлари автомобиль йўллари соҳасида ягона техника сиёсатини олиб бориш, автомобиль йўлларини ривожлантириш давлат дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, автомобиль йўллари тармоқларини ривожлантириш ва такомиллаштириш истиқболларини белгилаш, автомобиль йўлларининг халқаро транзит йўлакларини шакллантириш, замонавий транспорт оқими шароитларида автомобиль йўлларидан фойдаланувчиларнинг манфаатларини ҳисобга олиб, автомобиль йўлларини молиялаштириш, лойиҳалаштириш, қуриш, таъмирлаш ва улардан фойдаланиш масалалари комплекс ҳал этилишини таъминлаш ҳамда буюртмачи хизматининг самарали фаолиятини ташкил этиш, автомобиль йўлларини қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ва сақлаш сифати устидан назоратни амалга оширишдан иборат.

Қўмита хўжаликлараро қишлоқ автомобиль йўлларининг, шаҳарлар, шаҳар посёлкалари, қишлоқлар ва овуллар кўчаларининг мавжуд тармоғи сақланишини таъминлаш ишларини мувофиқлаштириш, уларнинг юқори транспорт-фойдаланиш даражасида бўлишини таъминлаш, илмий-тадқиқот ишларини ташкил этиш, автомобиль йўлларини лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ва сақлаш соҳасида инновацион технологиялар ва замонавий стандартларни жорий этиш, автомобиль йўллари соҳасида кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишни, шу жумладан, чет элларда ўқув-амалиёт курслари ва семинарлар ташкил этиш билан шуғулланади.

Қўмита вазифалари қаторидан автомобиль йўлларини қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ва сақлаш сифати устидан назоратни амалга ошириш, хўжаликлараро қишлоқ автомобиль йўлларининг, шаҳарлар, шаҳар посёлкалари, қишлоқлар ва овуллар кўчаларининг мавжуд тармоғи сақланишини таъминлаш ишларини мувофиқлаштириш, уларнинг юқори транспорт-фойдаланиш даражасида бўлишини таъминлаш, илмий-тадқиқот ишларини ташкил этиш, автомобиль йўлларини лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ва сақлаш соҳасида инновацион технологиялар ва замонавий стандартларни жорий этиш, автомобиль йўллари соҳасида кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишни, шу жумладан, чет элларда ўқув-амалиёт курслари ва семинарлар ташкил этиш ҳам ўрин олган.

Фармонда Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Йўл-қурилиш ишлари сифатини назорат қилиш Давлат инспекцияси ташкил этиш белгиланган.

Унинг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари юридик ва жисмоний шахслар томонидан йўл қурилиши ишларида, йўл-қурилиш материаллари, маҳсулотлар ва конструкцияларни ишлаб чиқаришда техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига риоя этилишини назорат қилиш, қурилиши тугалланган йўл объектларини фойдаланишга қабул қилиш бўйича комиссиялар ишида қатнашиш, йўл қурилиши юзасидан шаҳарсозлик қонунчилигига риоя қилиниши устидан назорат қилишни ташкил этиш борасида техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида норматив ҳужжатларни такомиллаштиришга доир таклифлар киритиш ва унда иштирок этиш, йўл-қурилиш материаллари, маҳсулотлар ва конструкцияларни стандартлаштириш ва сертификатлаштириш ишларини олиб боришдан иборат.

Ҳужжатда Молия вазирлиги ҳузуридаги Республика йўл жамғармаси Вазирлар Маҳкамасига бўйсундирилсин ва қуйидагилар унинг асосий вазифалари этиб белгиланган. Унинг вазифалари қаторига Республика йўл жамғармаси маблағлари тушуми ҳамда сарфининг йиллик ва чораклик ҳисоботларини шакллантириш, йўл хўжалиги объектларини қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ва жиҳозлашнинг номма-ном рўйхатларини белгиланган тартибда келишиш, умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларидан фойдаланиш ва уларни сақлаш харажатлари сметасини рўйхатдан ўтказиш, умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш, жиҳозлаш ҳамда улардан фойдаланиш борасидаги тадбирларни тасдиқланган харажатларга мувофиқ молиялаштириш киритилган.

Бошқа бир ҳужжат — Президентнинг «Ўзбекистон Республикаси Автомобиль йўллари давлат қўмитаси ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Республика йўл жамғармаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида"ги қарорида эса Ўзбекистон Автомобиль йўллари давлат қўмитаси ҳузурида Умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини қуриш ва реконструкция қилиш дирекциясини ташкил этиш, ҳудудий бош бошқармалар ҳузурида минтақавий автомобиль йўлларини таъмирлаш бўйича ихтисослаштирилган корхоналар ташкил этиш назарда тутилади.

Юқори малакали мутахассисларни тайёрлаш мақсадида Тошкент автомобиль йўлларини лойиҳалаштириш, қуриш ва фойдаланиш институти ҳамда ихтисослашган касб-ҳунар коллежлари Ўзбекистон автомобиль йўллари давлат қўмитаси таркибига берилмоқда.