Тошкентдаги Халқаро Вестминстер Университети ўқитувчиси Рауф Салаходжаев RePeC (Research Papers in Economics — «Иқтисод фани бўйича Илмий мақолалар») ташкилоти томонидан тузилган дунёнинг энг яхши 100 нафар ёш иқтисодчиси рўйхатига кирди, деб хабар қилди университет «Газета.uz"га.

Ўзбекистон вакили илк бор ушбу рўйхатга киритилиб, 32-поғонадан жой олди. У биринчи элликталикдан ўрин эгаллаган ягона МДҲ вакили ҳисобланади. Top-50 га Рауф Салаходжаевдан ташқари Осиёнинг яна икки вакилигина — Ҳиндистон ва Япония иқтисодчилари киритилган.

Рауф Салаходжаев АҚШнинг Фулбрайт стипендияси ғолиби бўлиб, 2012 йилда Нью-Йорк давлат университетида иқтисод бўйича магистр илмий даражасини олган. 2013 йилдан Рауф Тошкент шаҳридаги Халқаро Вестминстер университети макроиқтисод ўқитувчиси ҳамда Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти катта илмий ҳодими сифатида ўз илмий фаолиятини олиб бормоқда.

Рауф Салаходжаевнинг илмий ишлари миллий давлатларнинг иқтисодий ривожланишида интеллектуал капитал ва бозор институтларининг ролини тадқиқ қилишга бағишланган. Шунингдек, у «иқтисодий ўсишнинг чуқур омиллари» деб аталмиш макроиқтисоддаги янги йўналишда тадқиқот олиб бораётган саноқли олимлардан биридир. У томонидан олиб борилган тадқиқотлар натижалари дунёда машҳур бўлган Ресе Intelligence, Kyklos, Environmental Research илмий журналларида чоп этилган ва уларга Forbes ва National Policy ахборот агентликлари томонидан юқори баҳо берилган.

Ўтган икки йил давомида у иқтибос бериш бўйича Web of Science индекси ва Халқаро интеллектни ўрганиш уюшмасига (АҚШ) аъзо журналларда 15 дан ортиқ мақола чоп этди.

RePeC АҚШ Федерал резерв банкининг тадқиқотлар бўлими томонидан мувофиқлашитирилади ва дунё бўйлаб 50 мингдан ортиқ иқтисодчиларнинг фаолияти кузатиб борилади. Мақолаларга қанча иқтибос келтирилгани, журналнинг нуфузига асосан турли тоифалар бўйича энг яхши иқтисодчилар рейтинги тузилади.