12 февраль куни Самарқанд вилоятининг Пахтачи туманида содир бўлган ЙТҲ натижасида она ва ўғил ҳаётдан кўз юмди. Бу ҳақда Ўзбекистон ИИВ ЙҲХББ матбуот хизмати хабар қилди.

Йўлнинг ўнг томонидан ҳаракатланиб кетаётган пиёдаларни Пахтачи туманида истиқомат қилувчи 1962 йилда таваллуд топган фуқаро бошқарувидаги ВАЗ-2121 автомобили билан уриб юборган.

Ҳайдовчи ҳодиса жойидан яширинган. Тезкор-қидирув тадбирлари натижасида у 13 февраль куни қўлга олинди.

1977 йилда туғилган аёл олган тан жароҳатлари оқибатида ҳодиса жойида, унинг ўғли — 1998 йилда туғилган коллеж ўқувчиси шифохонада ҳаётдан кўз юмган.

Самарқанд вилоят ИИБ томонидан жиноий иш очилган бўлиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.