Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Гурбангули Бердимуҳамедовни Туркманистон Президенти этиб сайлангани билан табриклади, деб хабар қилди Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати.

Давлат раҳбари мактубда «яқинда бўлиб ўтган сайлов натижалари Туркманистоннинг фаровонлиги, жадал ривожланиши ва гуллаб-яшнаши учун Сизнинг узоқни кўра биладиган раҳбарлигингиз остида олиб борилаётган чуқур ўйланган ва самарали ижтимоий-сиёсий ва социал-иқтисодий ислоҳотларга туркман халқи томонидан юқори ишонч билдирилганлигининг ва тўлиқ қўллаб-қувватланишининг яна бир ёрқин ифодаси» эканлигини қайд этди.

Бугун вақт ва ҳаёт синовидан ўтган Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасидаги дўстлик ва тотув қўшничилик ришталари халқларимизнинг кўп асрлик яқин муносабатлари асосида муваффақиятли ривожланиб ва мустаҳкамланиб бораётгани алоҳида таъкидланди.

Шавкат Мирзиёев Гурбангули Бердимуҳамедовга мустаҳкам соғлик, саломатлик ва масъулиятли давлат лавозимида янги ютуқлар, биродар туркман халқига тинчлик ва фаровонлик тилади.