Тошкентда тажриба тариқасида кичик ва хусусий тадбиркорлик субъектларини микрокредитлашнинг янги схемаси ишга туширилади. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 31 январь куни шу ҳақдаги қарорни имзолади.

Ўрта махсус, касб-ҳунар ва олий таълим муассасаларининг битирувчилари, муддатли ҳарбий хизматдан қайтган жисмоний шахслар, меҳнат органларида рўйхатга олинган банд бўлмаган фуқаролар, оилавий ва хусусий тадбиркорлик билан шуғулланаётганлар ҳамда ишга жойлашишга эҳтиёжманд бўлган аҳоли бошқа қатламлари микрокредитларни олиш имкониятига эга бўлади.

Имтиёзли микрокредитлар миқдори энг кам иш ҳақи миқдорининг 200 баробаригачани ташкил этиб, асосий қарзни тўлашга олти ой муддатли имтиёзли даврни ҳисобга олган ҳолда уч йилгача муддатга тақдим этилади. Бунда йиллик фоиз ставкаси битта иш жойи яратилганида 9 фоиз, иккита иш жойи — 8 фоиз, уч-тўртта иш жойи — 7 фоиз ва беш ва ундан ортиқ иш жойи яратилганида — 6 фоизни ташкил этади.

Тажрибавий лойиҳа доирасида тижорий банклар 2017 йил давомида 277 млрд сўмлик микрокредитларни ажратиш режалаштирилган.