Ўзбекистонлик дзюдочи Шарофиддин Лутфуллаев Парижда (Франция) «Катта дубулға» халқаро мусобақаси кумуш медалини қўлга киритди, деб хабар қилинди Халқаро дзюдо федерацияси сайтида. 11−12 февраль кунлари бўлиб ўтган мусобақада 61 мамлакатдан 410 нафар спортчи, жумладан, миллий терма жамоанинг 9 вакили иштирок этди.

Париждаги анъанавий мусобақа дзюдо бўйича Grand Slam нуфузли тижорий серияларидан ҳисобланган халқаро мусобақалар мавсумини очиб берди. «Катта дубулға» сериялари мусобақаларининг соврин жамғармаси 154 минг АҚШ долларини ташкил этади.

60 кг гача вазн тоифасидаги финал баҳсида Шарофиддин Лутфуллаев 2016 йилги Олимпия ўйинлари бронза медали совриндори япониялик Наохис Такатодан мағлуб бўлди. Орхан Сафаров (Озарбайжон) ва Амиран Папинашвили (Грузия) «Катта дубулға» бронза медали совриндорлари бўлди.

Мусобақа регламентига кўра, ўзбекистонлик спортчи ва унинг мураббийига мос равишда 2400 ва 600 доллар тақдим этилди.