9 февраль куни Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва Ошпазлар ассоциацияси вакиллари иштирокидаги давра суҳбатида Тошкентнинг гастрономик харитасини шакллантириш масаласи муҳокама қилинди. Ўзбекистонда гастрономик харитани ишлаб чиқиш ва ривожлантириш Президентнинг 2 декабрдаги мамлакатда туризм соҳасини ривожлантиришни тезлаштириш тўғрисидаги фармонида белгиланган эди.

Туризм қўмитаси матбуот хизматининг хабар беришича, гастрономик харитани тузишда энг асосий вазифа гастрономик туризмни ривожлантириш, ўз таомлари, хизмат кўрсатиш даражаси, санитар-гигиеник ҳолати ва пазандалик санъатининг у ёки бу йўналишининг бошқа кўрсаткичларини муносиб намойиш этаётган умумий овқатланиш корхоналарини аниқлаш ҳамда хизмат кўрсатиш даражасини оширишдан иборат.

Харитага халқ томонидан берилган овозларда яхшироқ фоизларни қўлга киритган, туризм ва пазандалик санъати мутахассислари иштирокидаги текширувлардан муваффақиятли ўтган муассасалар киритилади. Танқидчилар орасида Ошпазлар ассоциацияси аъзолари ўрин олган.