Ўзбекистонлик профессионал боксчи Қудратулло Абдуқаҳоров (10−0−0, 7 КО) Сингапурда 10 февраль куни бўлиб ўтган Battle of Champions бокс мусобақаси доирасида 10- ғалабасини қўлга киритди.

Қўрғонтепалик (Андижон вилояти) 23 ёшли спортчи танзаниялик Идда Пиаларига қарши рингга кўтарилди. Ўзбекистон боксчиси тўртинчи раундда техник нокаут билан ғалабага эришди.

Фото: fb.com/qudratillo.abduqahorov.5

25 март куни бўлиб ўтадиган навбатдаги учрашувда Ўзбекистон вакили ярим ўрта вазн тоифасида дунёнинг энг кучли 10 боксчисидан бири, World Boxing Council кумуш чемпионлик унвони соҳиби зимбабвелик Чарльз Манючи (20−2−1, 12 КО) билан жанг олиб боради. У Халқаро бокс федерацияси IBF рейтингида еттинчи, Жаҳон бокс ассоциацияси WBA рейтингида олтинчи, Жаҳон бокс кенгаши WBC рейтингида эса учинчи ўринни банд этиб турибди.

Қудратулло Абдуқаҳоров эса BoxRec — профессионал боксчилар қайдларини ўтказиш ва янгилаш бўйича нуфузли британ манбаси рейтингида вазн тоифаларидан қатъи назар Ўзбекистоннинг энг яхши профессионал боксчиси ҳисобланади. У World Boxing Federation, ёшларнинг World Professional Boxing Federation ва Осиёнинг Asian Boxing Council таснифлари бўйича 66,7 кг гача ярим ўрта вазн тоифасида чемпонлик унвони соҳиби саналади.