Ўзбекистонда ҳар пайшанба жиноятчиликнинг олдини олиш ва профилактика куни деб эълон қилинади. Президент Шавкат Мирзиёев пайшанба куни ички ишлар органлари вакиллари билан бўлиб ўтган йиғилишда ушбу таклифни ўртага ташлади.

ЎзА хабарига кўра, шу куни ҳудудлар прокурорлари ва ички ишлар бошқармалари бошлиқлари маҳаллий телеканалларда чиқишлар қилиб, содир этилган жиноятлар, уларнинг келиб чиқиш сабаблари, олдини олиш бўйича тадбирлар ва профилактикаси ҳақида ахборот беради.

Давлат раҳбари айрим ҳолларда ички ишлар органлари фаолияти одамларнинг эътирозларига сабаб бўлаётганини таъкидлади. Президент мол-мулкка жиноий тажовуз, қасддан тан жароҳати етказиш, фирибгарлик, йўл-транспорт ҳодисалари камаймаганидан хавотирини билдирди.

Шавкат Мирзиёев жиноий ишларнинг етарлича очилмай қолаётганига алоҳида диққат қаратди. Давлат раҳбари томонидан келтирилган статистик маълумотларга кўра, ўғирлик ва фирибгарлик бўйича ҳар бешинчи жиноят очилмай қолмоқда.

Жиноят-қидирув фаолиятида жиддий нуқсонлар учрамоқда, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ўртасидаги ҳамкорлик талаб даражасида эмас. Қидирувда юрган аксарият шахслар қўлга олинмаган, улар жиноий қилмишларини давом эттирмоқда.

Президент таъкидлаганидек, ички ишлар органлари фаолиятига баҳо беришда жиноий ишларни одилона ва сифатли тергов қилиш, шахснинг жиноий қилмишига муносиб, адолатли ҳуқуқий баҳо бериш муҳим ўрин тутади. Лекин тергов идоралари ихтиёрида қисқа муддатда тезкор қонуний қарорлар қабул қилиш имконияти мавжуд эканига қарамай, қўшимча суриштирув ёки тергов ҳаракатлари талаб этилмайдиган материаллар бўйича асоссиз равишда муддатни узайтириш, чўзиш, фуқароларни сарсон қилиш каби салбий амалиёт ҳамон учрамоқда.

Шавкат Мирзиёев тергов ва айблаш билан чекланмай, жиноятларнинг келиб чиқиш сабаблари, уларнинг шарт-шароит ва омилларни ўрганиш, профилактика мақсадида ҳар бир жиноят тафсилотларини ички ишлар органлари раҳбарлари, профилактика инспекторлари ва маҳалла фаоллари иштирокида чуқур таҳлил қилиш зарурлигини таъкидлади.

Ёшлар ва аёллар жиноятчилиги борасидаги аҳвол ҳам кишини ташвишга солмай қўймайди. Масалан, 2016 йилда академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари мингдан зиёд жиноятга қўл ургани, умумий жиноятларнинг олтитасидан биттасини хотин-қизлар содир этгани афсусланарлидир. Бунинг асосий сабабларидан бири ўрта махсус билим юртларида ўқувчиларнинг давомати тушиб кетгани, бу ҳолни ўрганиш ва назорат қилиш бўйича мукаммал тизим яратилмаганидир.

Шавкат Мирзиёев ички ишлар органларининг тадбиркорлар фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашиши ёки тўсқинлик қилиши каби ҳолатларга батамом чек қўйиш зарурлигини алоҳида таъкидлади.

Мурожаатлар билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштириш ички ишлар идораларининг энг долзарб вазифаларидан биридир. Шу боис фуқаролар билан муносабатларни тубдан қайта кўриб чиқиш, одамлар билан доимий мулоқотни йўлга қўйиш, халқ билан ҳамнафас бўлиб яшаш ва инсон манфаатларидан келиб чиқиб ишлаш лозим, деди давлат раҳбари.