«Сомон Эйр» авиакомпанияси (Тожикистон) 10 февраль куни Ўзбекистон пойтахтига илк техник рейсни амалга оширди, деб хабар қилди «Ховар» ТМАА.

Душанбедан Тошкентга 50 нафардан зиёд йўловчилар, жумладан «Сомон-Эйр» ва Душанбе халқаро аэропорти делегацияси вакиллари ташриф буюрди. Тожикистон авиакомпанияси раҳбарияти «Ўзбекистон ҳаво йўллари» вакиллари билан 20 февралдан йўлга қўйилиши режалаштирилган мунтазам қатновларга оид масалалар бўйича музокаралар олиб борди.

«Сомон Эйр» бош директори Томас Халлам бугунги кунда Тожикистонда 25 йил давомида кутилган ажойиб кун эканини айтиб ўтди. «Янги рейснинг очилиши ва унинг бардавомлиги Тожикистон ва Ўзбекистон фуқаролари учун ҳар икки мамлакатга қатновни соддалаштириш ҳамда хавфсиз парвоз шарофати билан ўз қариндошлари, дўстлари билан кўришиш имкониятини тақдим этди», — дея қайд этди у.

«Сомон Эйр» Душанбедан Тошкентга қишги мавсум сўнгига қадар ҳафтаси бир кун — душанбада парвозларни амалга оширишни мўлжалламоқда. Ёзги мавсумда парвозлар сонини ҳафтасига иккитага — душанба ва пайшанба кунлари амалга ошириш режалаштирилган. Парвоз вақти 45 дақиқани ташкил этади.