«Ижтимоий фикр» маркази экспресс-сўровининг 97 фоиздан зиёд иштирокчилари Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг яқинда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг хотирасини абадийлаштириш тўғрисида"ги қарорини қўллаб-қувватлашини маълум қилган.

Марказ хабарига кўра, респондентлар Ислом Каримов сиймоси акс эттирилган ҳайкалларни Тошкент, Самарқанд ва Қарши шаҳарларида ўрнатиш, мамлакатдаги қатор муҳим иншоотларга унинг номини бериш, Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуасини ташкил этиш ва бошқа чораларга алоҳида тўхталиб ўтдилар.

Сўровнома иштирокчилари Президент таваллуд топган сана — 30 январь кунини кенг нишонлаш, 2 сентябрь санасини Хотира куни сифатида ёд этиш, олий ўқув юртлари талабалари учун Ислом Каримов номидаги Давлат стипендиясини жорий қилиш, сиёсатчининг ҳаёти ва фаолияти ҳақида илмий ҳамда бадиий асарлар, ҳужжатли ва бадиий фильмлар яратиш ҳақидаги ташаббусини қўллаб-қувватлади.

Респондентлар таклиф сифатида республиканинг ҳар бир шаҳридаги кўчалардан бирига Ислом Каримов номини бериш, иштирокчиларнинг учдан бир қисми эса энг яхши тадбиркор ва фермер учун биринчи Президент номидаги махсус грантнинг таъсис этилиши, Ислом Каримов ҳаёти, давлат бошқарувидаги фаолияти ўрганиладиган ўқув курсини ташкил этиш илгари сурилди.

Сўров қатнашчилари биринчи Президент номидаги мукофот таъсис этилиб, у Ислом Каримов ташаббуси билан асос солинган «Шарқ тароналари» мусиқа фестивали доирасида топширилишини таклиф қилди.

Респондентлар қўшимча равишда спортдаги муваффақиятлар учун Ислом Каримов номидаги мукофотни таъсис этишни ҳам таклиф қилди.