Жорий йилда Ўзбекистоннинг ҳар бир тумани кардиомонитор, дефибриллятор ва ўпкаларга сунъий нафас юборувчи ускуналар билан жиҳозланган иккитадан реанимобиль билан таъминланади. Бу ҳақда бош вазир ўринбосари, соғлиқни сақлаш вазири Адҳам Икромов чоршанба куни журналистлар билан учрашувда маълум қилди.

Унинг биринчи ўринбосари — Шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш Республика илмий маркази Абдуҳаким Хожибоев журналистларга расмий статистик маълумотларга кўра тез тиббий ёрдам машиналари 15−20 фоиз ҳолатда кечикишини айтиб ўтди. Аслида эса, унинг сўзларига кўра, бу кўрсаткич кўпроқ ҳам бўлиши мумкин.

Вазирлик ҳисоб-китоблари бўйича аҳолига қониқарли хизмат кўрсатиш учун 2400 та тез тиббий ёрдам машиналари зарур, айни пайтда эса улар сони 1800 дан зиёдроқ.

Абдуҳаким Хожибоев ушбу машиналар паркининг ярми эскирганини тан олди. Унинг маълум қилишича, йил охирига қадар бутун республика бўйича тез тиббий ёрдам эҳтиёжлари учун 1200 га яқин янги машиналар харид қилинади. Уларнинг 550 таси яқин икки-уч ой ичида сотиб олинади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги тез ёрдамга терилган қўнғироқларни қабул қилувчи диспечерлар малакасини ошириш ва тез ёрдам машиналарини GPS-навигаторлар билан таъминлашни мўлжалламоқда. Тошкентда тез ёрдам машиналари сони 170 тага қадар оширилиб, бир ой ичида улар шаҳар ҳокимияти томонидан ажратилган маблағлар ҳисобидан навигаторлар билан таъминланади.

Абдуҳаким Хожибоев сўзларига кўра, бутун республика бўйлаб тез тиббий ёрдам чақирув гуруҳлари дори воситалари ва тиббий жиҳозларига сарфланувчи маблағларни стандартлаштириш тўғрисидаги Президент фармони қабул қилиниши кутилаётганини маълум қилди. Мазкур йўналишни молиялаштириш энг камида тўрт баробарга оширилади, деди вазир ўринбосари.