Тошкентдаги Инҳа университети ҳудудида «Ахборот-коммуникация технологиялари Инновацион маркази» эркин иқтисодий зонасини ташкил этиш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда муҳокама учун Норматив ҳуқуқий ҳужжатларнинг муҳокамаси порталида эълон қилинган Президент фармони лойиҳасида сўз боради.

Ҳужжатда ЭИЗ келгусида ҳудудини кенгайтириш ва муддатини чўзиш имконияти билан 2030 йил 1 январга қадар фаолият олиб бориши белгиланган. АКТга ихтисослашган ЭИЗнинг ташкил этилиши Ўзбекистон иқтисодиёти соҳаларига АКТни фаол жорий этиш, улар рақобатбардошлигини ошириш, соҳа корхоналари экспортини ривожлантириш учун имкониятларни кенгайтириш, кадрлар, илмий-ишлаб чиқариш ва инвестицион-молиявий салоҳиятни умумлаштириш учун қулай шароитларни яратиши кутилмоқда.

Янги ЭИЗнинг асосий вазифалари ва йўналишлари қуйидагилардан иборат бўлиши режалаштирилмоқда:

  • Энг аввало экспортга мўлжалланган ҳамда мамлакат иқтисодий ва ижтимоий соҳалари устувор жабҳаларини ривожлантиришни таъминлаш учун дастурий ва дастурий-ускуна маҳсулотларини ишлаб чиқаришни рағбатлантириш;
  • Ички ва ташқи бозорда АКТ ва дастурий таъминот соҳаларидаги рақобатбардош лойиҳалар учун инвестицияларни жалб қилиш;
  • юқори малакали мутахассисларнинг мунтазам оқими учун жозибадор ҳамда касбий кўникмаларни ривожлантириш учун қулай муҳитни қўллаб-қувватловчи тадқиқот инфратузилмаларини шакллантириш;
  • тадбиркорлар ва АКТ соҳасидаги иқтидорли ёшларнинг инновацион ғоялари ва лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш;
  • илмий-тадқиқот ташкилотлари, олий таълим муассасалари ва тадбиркорлик субъектларининг ҳамкорликдаги лойиҳаларини амалга оширишда ўзаро алоқаларни кенгайтириш.

ЭИЗ фаолияти мобайнида унинг иштирокчилари учун ўзига хос валюта ва солиқ тартиблари амал қилинади. ЭИЗ иштирокчилари ва уларнинг ЭИЗ доирасидаги фаолиятини амалга оширишда қатнашаётган ишчиларини солиққа тортиш бўйича тартибларни соддалаштириш режалаштирилмоқда.