Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги Халқаро Қизил Ярим Ой жамғармасининг Марказий Осиёдаги ваколатхонаси билан Ўзаро тушуниш ва ҳамкорлик тўғрисидаги меморандумни имзолади. Бу ҳақда ЎзА хабар қилди.

Меморандум ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш доиралари ва йўналишларини белгилаб бериб, Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчиларини тайёрлаш ва ўқитиш дастурини тузиш бўйича таклиф ва тавсияларни ишлаб чиқишга имкон туғдиради.

Анжуманлар, давра суҳбатлари, ўқув курслари, семинар ва тренинглар ташкил этиш режалаштирилган. Бундан ташқари, ўқув материаллари, ҳужжатлар ва адабиётлар билан ҳам тақдим этилади.

Тадбирда Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги ва Халқаро жамият ваколатхонаси ўртасида ҳарбий шифокорларни тайёрлаш соҳасида ҳамкорликни чуқурлаштириш йўллари ҳам муҳокама қилинди.

2007 йилдан буён Мудофаа вазирлиги Халқаро Қизил Ярим Ой жамғармасининг Марказий Осиёдаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда 40 дан зиёд ҳамкорликдаги лойиҳа амалга оширилди. Жумладан, ҳарбий шифокорлар ва Тошкент тиббиёт академияси қошидаги ҳарбий-тиббиёт факультети курсантлари учун махсус ўқув дастури ишлаб чиқилди.