Ўзбекистонлик 200 нафарга яқин қиз мамлакатда илк бор ўтказилаётган халқаро Technovation Challenge танловида иштирок этади. Уч ой давомида уларга шаҳар, туман ва маҳаллалардаги муаммоларни ҳал этишга қаратилган ижтимоий мобиль иловани яратиш вазифаси топширилади.

Technovation Challenge — фақатгина 15−18 ёшдаги қизлар учун мўлжалланган йирик технологик ишланмалар танлови. Дастур мутлақо бепул бўлиб, Google, Yahoo, Adobe, Intel, Oracle, Dropbox кўмагида амалга оширилади, 2015 йилдан БМТ ва «БМТ Аёллар» тузилмаси (UN Women) иштирокида ўтказилмоқда.

Дастурнинг асосий вазифаси қизларни ахборот технологиялари ва тадбиркорлик кўникмалари ёрдамида жамиятдаги мавжуд муаммолар ҳал этишга илҳомлантиришдан иборат. Бу ҳақда 4 февраль куни Тошкентда дастурнинг ишга туширилига бағишланган маросимда айтиб ўтилди.

Дастурда беш нафар қиз ва устоздан иборат жамоалар иштирок этади. Жамоаларга 12 ҳафталик ўқув дастури тақдим этилиб, бу давр мобайнида танлов қатнашчилари менторлар билан биргаликда нафақат иловани ишлаб чиқади, балки маркетинг тадқиқотлари ўтказади, бизнес режалар ёзиб, видеолар тасвирга олади, янги кўникмаларни ўзлаштиради.

Бепул дастур кодлаш, бизнес, маркетинг ва питчинг (лойиҳани салоҳиятли буюртмачи ёки харидорга намойиш қилиш) каби модулларни ўз ичига олади. Technovation Challenge қизларда танқидий фикрлаш, тадбиркорлик ва дастурлаш кўникмаларини ривожлантиришга йўналтирилган. Танлов қизларни техник соҳаларга қизиқтиришга ҳам йўналтирилган. Очиқ маълумотлар портали маълумотларига кўра, Ўзбекистонда етакчи техник ОТМларда қизлар улуши 16−22 фоизни ташкил этмоқда.

Танловда қатнашувчи жамоалар App Inventor дастури ёрдамида Android учун мобиль илова ишлаб чиқиши лозим. Маҳсулот мавзуси БМТнинг барқарор тараққиёт соҳасидаги Мақсадлари — соғлиқни сақлаш, таълим, атроф-муҳит, тенглик, тинчлик ва бошқа йўналишларга ҳамоҳанг бўлиши талаб қилинади. Лойиҳалар тақдим этилганидан сўнг бутун дунёдан 10 та финалчи жамоа саралаб олиниб, Калифорниядаги (АҚШ) якунловчи босқичга таклиф қилинади.