3 февраль куни Тошкентда Ғарбий Тянь-Шань трансчегаравий участкасининг ЮНЕСКО жаҳон мероси рўйхатига киритилгани тўғрисидаги сертификатни топшириш маросими бўлиб ўтди. ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Криста Пиккат ҳужжатни Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси Бахтиёр Абдусаматов қўлига топширди.

Тянь-Шань тизимининг Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон ҳудудини қамраб олувчи Ўрта Осиё қисми ЮНЕСКОнинг Жаҳон мероси рўйхатига «Ғарбий Тянь-Шань» трансчегаравий объекти сифатида 2016 йилнинг 17 июлида киритилган эди. Ўзбекистон томонидан мазкур объектга Угом-Чотқол давлат миллий табиий боғининг Майдонтол ва Бошқизил ҳудудлари киритилди.

Ғарбий Тянь-Шань Чотқол тоғлари — Жаҳон моддий мероси объекти мақомини олган Ўзбекистондаги биринчи табиий объект бўлди. Марказий Осиёнинг мазкур тоғли ҳудудида флора ва фаунанинг ноёб эндемик турларига бойлиги билан бир қаторда, бу ерда яшаган аҳолининг қадимий маданий ва хўжалик ёдгорликларини ҳам ўз бағрида сақлаб келмоқда.

Худди шу куни Наврўз ҳамда миллий ошни тайёрлаш билан боғлиқ анъаналарнинг ЮНЕСКО номоддий маданий ёдгорликлари Репрезентив рўйхатига киритилгани тўғрисидаги сертификатларни топшириш маросими ҳам бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Жаҳон моддий ёдгорликлар рўйхатига Сармишсой суратлари, Шоҳимардон, Зомин тоғлари, Ҳисор тоғ тизмалари ва Бойсун қўриқхонасини ҳам киритишни режалаштирган.