«Ўзбекистон ҳаво йўллари» Миллий авиакомпанияси Президентнинг 18 январдаги «2017−2021 йилларда Оролбўйи минтақасини ривожлантириш Давлат дастури тўғрисида"ги қарорига мувофиқ Нукус-Тошкент-Нукус ва Урганч-Тошкент-Урганч йўналишларида амалда бўлган тарифларга 50 фоиз миқдоридаги чегирмаларни жорий этади, дейилади ташувчи сайтида.

Оролбўйи аҳолисининг қуйидаги тоифалари учун чегирмалар тақдим этилади:

  • Пенсионерлар, 1941−1945 йиллардаги уруш қатнашчилари ва ногиронлари ҳамда уларга тенглаштирилган шахслар, Чернобиль АЭС ҳалокати оқибатларини бартараф қилиш иштирокчилари;
  • Ногиронлар, ногиронлик гуруҳи кўрсатилган ТМЭК текширув акти кўчирмаси ёки гувоҳномаси бўлган ҳолда ҳамда ногиронга ҳамроҳлик қилувчи шахс;
  • 16 ёшгача бўлган болаликдан ногиронлар, ногиронлик гуруҳи кўрсатилган ТМЭК текширув акти кўчирмаси ёки гувоҳномаси бўлган ҳолда ҳамда ногиронга ҳамроҳлик қилувчи шахс;
  • Ўқишга кетаётган талабалар, олий таълим муассасасига йўлланма ёки талабалик гувоҳномаси ва олий таълим муассасасидан маълумотнома бўлган ҳолда;
  • Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари орқали моддий ёрдам белгиланган кам таъминланган оилалар аъзолари фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг моддий ёрдам тўланадиган муддатга берилган маълумотномаси мавжуд бўлган ҳолда.

Чегирмалар фақатгина эконом класс тарифлари учун тақдим этилади. Чегирмаларнинг бир неча туридан бир вақтда фойдаланишга рухсат берилмайди. Йўловчи учун энг мақбул чегирма қўлланилади.

Амалдаги қонунчилик ва халқаро шартномаларга мувофиқ алоҳида йўловчилар учун жорий этилган чегирмалар сақланиб қолади.