Ўзбекистон Президенти жума куни Сергели туманида бунёд этилаётган замонавий кўп қаватли уй-жойлар қурилишини кўздан кечирди, деб хабар қилди ЎзА.

Сергели туманида 2016−2017 йиллар режасига асосан 4284 хонадондан иборат 102 замонавий кўп қаватли уй-жой қуриш ишлари амалга оширилмоқда. Мазкур йирик лойиҳа ёш ва эҳтиёжманд оилаларнинг турар жойга бўлган талабини қондириш имконини яратади. Уйлар оилаларга имтиёзли ипотека кредити орқали берилади.

Ўзбекистон мустақиллигининг 26 йиллиги арафасида ушбу уй-жойнинг 66 тасини фойдаланишга топшириш кўзда тутилган. Бу ерда таълим муассасалари, кичик бизнес ва тадбиркорлик субъектлари, аҳолига маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари ҳам барпо этилади.

Мазкур уй-жойлар тақсимотида адолат мезонига қатъий риоя этилиши керак, деди Президент.

Аҳолининг эҳтиёжи, талабидан келиб чиқиб, бундай уйларни Тошкент шаҳрининг барча туманларида 10 тадан қуриш режалаштирилган.